Тошкент вилоятида фармацевтика кластери яратилмоқда
Зангиота туманининг 50 гектар майдонида фармацевтика кластери яратилмоқда. Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов кластерни ташкил этиш ишлари билан бевосита танишгани борган.
Жорий йилнинг 10 январ куни бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов бошчилигида ишчи гуруҳ Тошкент вилоятининг Зангиота туманида «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини яратиш бўйича лойиҳани ўрганди, деб хабар бермоқда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Умумий майдони 50 гектар бўлган кластер ҳудудида саноат, академик тадқиқот, клиник ва клиниколди объектлари бўлиши кўзда тутилган.
Лойиҳа республикада ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситалари турларини кенгайтириш, илмий-тадқиқот ўтказиш, малакали фармацевтика кадрларини тайёрлаш орқали фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Маълум қилинишича, кластер лойиҳасини молиялаштириш Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожлантириш ва Ҳамкорлик (EDCF) жамғармаси, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси имтиёзли маблағлари ва тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига таъминланмоқда.
Аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг «Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҳақида маълумот берилганди.
Ҳукумат қарори лойиҳасида кластерни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 50 миллион долларгача миқдордаги маблағлар 3 йил имтиёзли муддатни ўз ичига олган ҳолда 10 йил муддатга, йиллик 3 фоиз ставкада кредит берилиши назарда тутилганди.
Ушбу фармацевтик кластерни ташкил этиш бўйича 2020 йил 28 январда президент қарори ҳам қабул қилинган.
Мавзуга оид
22:51 / 26.12.2024
Қиммат сотилаётган дорилар: референт нархларга ёппасига амал қилинмаяпти
23:07 / 21.12.2024
Тошкент вилоятида чиқинди полигонлари хизмат нархи оширилади
23:22 / 18.12.2024
Маҳаллий фармацевтика корхоналарига берилган божхона имтиёзлари 2028 йилгача узайтирилади
16:16 / 17.12.2024