Бу Европа суди Катта палатасининг давлатлараро ишлардаги Украинанинг шикоятлари бўйича илк ишидир. У Қримдаги Россия ҳукуматининг «маъмурий амалиёт»ига тааллуқли. Украина Қримнинг Россияга қўшилишига қаршилар ва бошқа «ҳимоясиз гуруҳлар»ни тизимли қатағон қилиниши шунинг натижаси деб ҳисоблайди.
ЕИҲСга 2014 йилдан бери шахслардан Қрим ва Украинадаги воқеалар билан боғлиқ Россияга қарши 7 минг шикоят тушган.
Суд Россиянинг Қримда Европа конвенциясини бузганини кўриб чиқади. Қачон ҳал қилувчи қарор чиқарилиши маълум эмас. Бунга бир неча йил кетиши ҳам мумкин.
Катта палата расмий Киевнинг 2014 йил 27 февралдан бошлаб Қрим яримороли амалда Россия назоратига ўтган деган версиясига қўшилди. Бунга 2014 йилнинг январидан мартига қадар Россиянинг Қримда Украина ҳукумати розилигисиз ёки у ерда Россия ҳарбий кучларининг бўлиб туришига етарли таҳдид бўлганига асосларсиз ҳарбий назоратни кучайтиргани гувоҳлик беради.
Суд Украина ҳукумати Россия қўшинлари пассив кузатувчи мақомида бўлмагани, аксинча, Украина шикоят қилган ҳодисаларда фаол иштирок этгани ҳақида етарлича далил келтирган деб ҳисоблайди. Гап Қрим парламенти ва вазирлар кенгаши биноси қамал қилингач, Қримда ҳокимият алмашгани ҳақида кетяпти. Шундан кейин рус ҳарбийлари диверсион операциялар билан Қримга қуруқлик, сув ва ҳаво йўллари орқали кириш ва чиқиш пунктларини назоратга олишган, дея шикоят қилмоқда Украина.
Украина нимадан шикоят қилган?
Украина ҳукумати Россияни Инсон ҳуқуқлари Конвенциясининг 12 моддасини бузишда айбламоқда:
- яшаш ҳуқуқи (2-модда);
- қийноқлар, ғайриинсоний ва қадр-қимматни ерга уришни тақиқлаш (3-модда);
- эркинлик ва хавфсизлик ҳуқуқи (5-модда);
- адолатли судлов ҳуқуқи (6-модда);
- шахсий ҳаётга ҳурмат ҳуқуқи (8-модда);
- эътиқод қилиш ҳуқуқи (9-модда);
- фикрини билдириш ҳуқуқи (10-модда);
- тўпланиш ва бирлашиш ҳуқуқи (11-модда);
- малакали ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиш ҳуқуқи (13-модда);
- дискриминацияни тақиқлаш (14-модда);
- мулкни муҳофаза қилиш (Конвенциянинг №1 протоколи 1-моддаси);
- кўчиш ҳуқуқи (№4 протоколнинг 1-моддаси).















