Иқтисодиёт | 17:42 / 18.01.2021
7377
2 дақиқада ўқилади

2021 йилдаги макроиқтисодий ўзгаришлар ҳақида давлат дастурида маълумот берилди

Асосий истеъмол маҳсулотларининг мавсумий нархи ўзгариши ёки ошиб кетишига йўл қўйилмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси шакллантирилади.

Фото: Fotolia

2021 йилда иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида давлат дастури лойиҳасида ушбу йўналиш бўйича алоҳида таклифлар эълон қилинди.

Дастурда жорий йил давомида нарх-наво ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар  ҳақида маълум қилинди:

Иқтисодиётга ажратилган кредитларнинг ўсиш суръатлари ялпи ички маҳсулотнинг номинал ўсиш суръатлари билан мувофиқлигини таъминлаш;

Инфляцияни пасайтириш;

  • Пул-кредит воситаларидан самарали фойдаланиш;
  • Ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш;
  • Асосий истеъмол маҳсулотларининг мавсумий нархлари ўзгаришининг олдини олиш мақсадида “хатар даражаси таҳлили” тизимини жорий қилиш;
  • Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб кетишининг олдини олиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
  • Импорт маҳсулотларини олиб киришда рақобат муҳитини шакллантириш ва монополияга йўл қўймаслик;
  • Асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг захирасини тўлиқ шакллантирган ҳолда уларни бозорга узлуксиз етказиб беришни таъминлаш;
  • Асосий истеъмол маҳсулотлари транспорт харажатларини субсидиялаш;
  • тегишли ҳудуднинг асосий озиқ-овқат маҳсулотларини бозор шароитлари асосида сотиб олиш ва ички бозорга аралаштириш чораларини кўриш;

Аввалроқ, президент мурожаатномасида 2021 йилда инфляция кўрсаткичини 10 фоиз даражасига тушириш вазифаси белгиланганди.

Марказий банк раиси банк олдида турган асосий вазифа – инфляция даражасининг белгиланган меъёрлар доирасида бўлишини таъминлашдан иборатлигини айтганди.

Маълумот учун, Давлат статистика қўмитаси томонидан 2020 йил давомида инфляция даражаси 11,1 фоиз бўлган.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид