Ўзбекистон | 16:49 / 20.01.2021
27938
3 дақиқада ўқилади

Абдуқодир Тошқулов: «Вазирликда инсон ресурслари нотўғри тасарруф қилинмоқда. Ходимлар чарчаган»

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

19 январ куни олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов вазирлик ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказган. Бу ҳақда вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали хабар қилинди.

Таъкидланишича, йиғилишда вазирлик фаолиятини самарали ишлатиш масалалари жамоа иштирокида муҳокама қилинган. Унда жумладан, Абдуқодир Тошқулов ўзининг вазирликда ўтган 3 кунлик фаолияти бўйича олган хулосалари ҳақида ҳам гапирган.

«Вазирликдаги дастлабки уч кунлик фаолиятимдан келиб чиқиб, қисқача хулосамни айтадиган бўлсам, афсуски, таассуротлар кишини хурсанд қилмайди.

Жамоада эркин ва ижодий муҳит йўқдек, ходимлар ҳорғин ва ташаббус кўрсатмайди. Сабаби, иш тартиби тўғри ташкил этилмаган. Назаримда, инсон ресурслари нотўғри тасарруф қилинмоқда. Ходимлар ишда кўп вақт қолиб кетиши натижасида жисмонан ва руҳан чарчаган кўринади. Оиласига, фарзандлар тарбиясига эътибор қаратишга улгурмаса керак.

Ходимларга, аввало, иш жойида эркин ишлаш, ижодий фикрлаш, қолаверса дам олиш учун қулай шароит яратиб бериш ва ундан кейин иш унумдорлигини талаб қилиш мумкин», – деган у.

Вазир йиғилишда тизимдаги айрим структуралар фаолиятига ҳам тўхталиб, уларнинг қониқарсиз фаолият юритаётгани ва бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини айтган.

«Бундан буён ҳар бир бошқарма ва бўлим фаолияти натижадорлиги мониторинг қилиниши, самарали фаолият юритган мутахассислар муносиб тақдирланиши лозим, аксинча ўз функционал вазифаларини бажармайдиган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади», – деган Тошқулов.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири йиғилишда ОТМларга юборилаётган топшириқларни мувофиқлаштириш, бир-бирини такрорлайдиган вазифаларни қисқартириш, ижро интизомига қатъий риоя қилиш лозимлиги ҳақида ҳам гапирган.

Жумладан, «бугундан бошлаб жамоада янгича иш тартибига ўтсак: қоғозбозликни имкон қадар камайтириш, ортиқча мажлисбозликка чек қўйиш ва ўз ишимизга меҳр билан муносабатда бўлиб, ундан завқланиб ишлайлик. Агар ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга масъулият билан ёндашиб, бир тану бир жон бўлиб, ҳамжиҳатликда ишласак, ишимизда албатта унум бўлади. Шунда халқимиз ва давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ишончни оқлаймиз ва соҳа олдига қўйилган вазифаларни бажарамиз.

Вазирлик олдида таълим сифатини таъминлашдек ўта масъулиятли вазифа турибдики, бу вазифани олий таълим муассасалари билан ишчанлик ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни йўлга қўйибгина амалга ошириш мумкин», – дея Абдуқодир Тошқулов сўзларини келтирган матбуот хизмати.

Йиғилишда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, қарорлар қабул қилинган.

Мавзуга оид