Kun.uz 19 январь куни «Нанайликлар ҳали ҳам ариқдан сув ичмоқда. Ҳоким ўринбосари «муаммо ҳал бўлди» деганди» сарлавҳаси остида мақола ва видеокўрсатув эълон қилган эди.

Кўрсатувда Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғидаги тоза ичимлик суви муаммоси кўтарилган бўлиб, унда 2020 йил 12 январдаги танқидий мақоладан бир йил ўтиб, камчиликларни тузатишга қандай эътибор берилгани баён қилинади.

  • 2020 йил январидаги мақола: «Ота-бобомиз шу сувдан ичиб келган». Янгиқўрғон ҳокимлиги мутасаддиси минглаб одамлар ариқдан сув ичишига хотиржам қарайдими?
  • 2021 йил январидаги мақола: Нанайликлар ҳали ҳам ариқдан сув ичмоқда. Ҳоким ўринбосари «муаммо ҳал бўлди» деганди

Туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Муроджон Сотиболдиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда: «Нанай қишлоғида йўл ва сув бўйича муаммо қолмади», дея таъкидлаган. Аммо 2021 йил 12 январ куни Нанайга борган Kun.uz вакиллари ҳоким ўринбосарининг гаплари ҳақиқатдан йироқлигига гувоҳ бўлди.

21 январ куни Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати Telegram'даги расмий каналида шу мақолага муносабат билдирди.

Муносабатда 2020 йил давомида туманнинг чегара ҳудудларидаги ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этилгани ҳақида ёзилган.

Расмий ахборотда Kun.uz мақоласида кўрсатилган «Дўстлик» МФЙ ҳудудига 2018 йилги «Обод қишлоқ» дастури асосида 7700 метр янги ичимлик суви тармоғи тортилгани, «Қайроқи» МФЙ ҳудудида мавжуд сув сақлаш омбори 25 млн сўмга тозаланиб, 100 млн сўмга 3900 метр ичимлик суви тармоқлари тортилгани ҳақида айтилади.

Ҳокимликнинг расмий изоҳи 7 абзацдан иборат ва ундаги фақат биттагина жумла алоҳида ажратилиб (тўқроқ шрифтда) кўрсатилган:

«... мухбир томонидан олинган видеолавҳалар бундан 1 йил олдин олинган лавҳалар», – дейилган алоҳида урғу қўйиб ажратилган гапда.

Ҳокимлик бу билан «Қайроқи» МФЙдан олинган кадрларни назарда тутган.