Яқинда ижтимоий тармоқларда Жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди биносида ўтаётган суд мажлиси чоғида Effect.uz сайти журналистлари ҳамда ЖИБ Термиз туман суди раиси Одилбек Бегимқулов ўртасидаги мунозара видеотасвирлари тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Kun.uz мухбири Одилбек Бегимқулов билан учрашиб, ўша куни рўй берган воқеалар тафсилотини билиш учун унга микрофон тутди.
«Биз ўша куни (воқеа 2021 йилнинг 11 январида рўй берган) Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «в» банди бўйича айбланаётган Икромжон Худоёров карантин вақтида жабрланувчи Шавкат Зоировни 70 миллион сўм пулига Тошкентдан шаҳридан картошка олиб келаман деб чув туширган. Жабрланувчи бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан, судланувчи томонидан пуллар қайтарилмаган. Пуллар Судланувчи томонидан ўзлаштирилиб кетилган.

11 январ куни судланувчи Худоёров Икромжонга нисбатан соат 15:00 га суд иши тайинланган эди. Тарафлар етиб келишлари керак эди. Аслида, бу иш 6 январ куни тайинланиб кўрилган эди. Аммо прокурорнинг музокараси тайёр бўлмагани учун суд иши 11 январга қолдирилган эди», — деди судья.
Ўша кунги воқеаларга тўхталар экан, судланувчи ва жабрланувчиларнинг қариндошлари 6 январ куни бўлиб ўтган суд мажлисида жанжаллашиб кетганини эслаб ўтди.
«Ўша куни судланувчиларнинг қариндошлари ва жабрланувчиларнинг қариндошлари суд мажлиси бошланишидан олдинроқ Жиноят ишлари бўйича Термиз тумани биносига киришмоқчилигини айтиб, суд мажлиси котиби ва қўриқлаш хизмати ходими келди.
Олдинроқ, 6 январ куни бўлиб ўтган суд мажлисида жабрланувчилар ҳамда судланувчиларнинг қариндошлари ўзаро жанжаллашгани ва бу суд мажлисига киритилмаслиги ҳамда ҳозир карантин бўлганлиги учун суд мажлисида кўп одам бўлиши мумкин эмаслиги сабабли қариндошларининг суд мажлисига киришларини рад қилдик.
Нима учун қариндошларининг суд мажлисига киритилмаганини тушунтириш учун суд мажлиси котибини жўнатиб, хонамга кириб ўтирдим», — деди Одилбек Бегимқулов.
Гарчи жанжалнинг олдини олишга қаратилган топшириқлар беришига қарамасдан, суд биносида жанжал келиб чиққан ва судья буни журналистлар томонидан уюштирилган, деб ҳисобламоқда.
















