2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўли қурилишида авария рўй берган, 6 нафар ишчи тупроқ остида қолиб ҳалок бўлганди.

Одамлар ўлимига олиб келган ҳодиса айбдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши 2020 йил 18 март куни, айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб тугатилган.

Терговнинг бундай тугатилишига – вафот этганларнинг оила аъзоларига етказилган зарар ўрни иш берувчи томонидан «тўлиқ қоплангани» асос қилиб олинган.

Kun.uz суриштирувининг аниқлашича, жиноят иши тугатилган вақтда жабрланганларга етказилган зарар суммалари тўлиқ ҳажмда қоплаб берилмаган. Бундан ташқари, товон пулларининг тергов иши тугатилганидан 4–5 ой ўтганидан кейин тўлаб берилгани ҳам жиддий қонунбузилиш ҳисобланади.

Фожиа оқибатларини бартараф этиш юзасидан тузилган Ҳукумат комиссияси топшириғига мувофиқ, ҳалок бўлган ишчиларнинг ҳар бири учун уларнинг оила аъзоларига 100 миллион сўмдан компенсация пули берилган эди.

Маълум бўлишича, марҳумларнинг бир нафари «Ўзбекистон темир йўллари минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ходими ва қолган 5 нафари «SBK Universal Construction Group» МЧЖ ходимлари бўлган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йилнинг 24 январдаги буйруғига асосан тузилган комиссия уларнинг ҳар бири учун зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган қарамоғидаги шахсларга 261,9 млн сўмдан (марҳум З.Каримовга 281 млн сўм тайинланган) бирйўла тўланадиган нафақа белгилаган.