Жаҳон | 15:00 / 04.02.2021
6372
2 дақиқада ўқилади

Байденга Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқишни ортга суриш тавсия қилинди

2020 йил февралда "Толибон" билан имзоланган тинчлик келишувига кўра, АҚШ, унинг иттифоқчилари ва коалиция 14 ой ичида Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини олганди.

Фото: David Furst/AFP via Getty Images

"Толибон" ҳаракати илгари имзоланган келишув шартларини бажармаяпти, шу боис 2021 йил май ойигача Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилишини кечиктириш лозим. Афғонистон бўйича тадқиқот гуруҳининг вакили ҳисоботида президент Жо Байден маъмуриятига ана шундай тавсия берилди, деб ёзмоқда The Hill газетаси.

 Гуруҳнинг фикрича, "2021 йил майгача қўшинларни олиб чиқиб кетиш учун зарур шароитни таъминлаш жуда қийин ва эҳтимол имконсиз".

 2020 йил 29 февралда Доҳада АҚШ маъмурияти ва "Толибон" ўртасида тинчлик келишуви имзоланганди. Унга кўра, АҚШ, унинг иттифоқчилари ва коалиция 14 ой ичида Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини олганди. Толиблар ўз навбатида мамлакат ҳудудидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланмасликка кафолат берганди.

Ҳисоботда айтилишича, "Толибон" ушбу келишувга амал қилмаган ва Америка ўз мажбуриятларини бажариши учун шароит яратмаган.

Аввалроқ АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс Байден маъмурияти "Толибон" билан тузилган келишувни ўрганиб чиқишини айтганди.

Мавзуга оид