Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани, Базиргон қишлоғи – Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидан. Уни юртимизнинг энг кичик масканларидан бири десак ҳам муболаға бўлмайди: қишлоқ атиги 8та уйдан иборат.
Саҳро бағрида жойлашган бу қишлоқда ижтимоий объектлар деярли йўқ, аммо кичиккина мактаб бор.

Қишлоқ болалари 35 км узоқликдаги мактабга қатнай олишмайди: бу ерларда жамоат транспорти йўқ. Шу сабабли масканда мўъжаз мактаб, кичик синфхона ташкил этилган.
66 ёшли Гавҳар Бобоева 20 йилдан бери ўз уйида ташкил этилган мана шу синфхонада болаларга билим бериб келмоқда. Фидойи аёл – шу мактабнинг ҳам директори, ҳам ўқитувчиси, ҳам қоровули.

«1955 йилда Боғот туманининг Ўғузравот қишлоғида туғилганман. 1979 йилда Тошкент давлат университетининг Биология факультетини тугатдим. 1995 йилда Питнак шаҳридаги Сизов номли 2-сон мактабга ишга кирдим.
2001 йилда мени Базиргон қишлоғига, мактаб филиалига жўнатишди. Шу ердан уй беришди, унинг бир қисмида қишлоқ болалари учун комплекс синфхона ташкил этилди. Мана, 20 йилдан бери шу ерда ишлаб келмоқдаман», – дейди муаллим аёл.

Комплекс синфда 10 нафар бола таълим олмоқда. Қизиғи шундаки, уларнинг синфи ҳам турлича – 1-синфдан 11-синфгача. Уларнинг ҳаммасига бир синфхонада, бир вақтнинг ўзида дарс ўтилади.
«Қишлоғимизда 8 та оила бор. Уларнинг 10 нафар фарзандини комплекс синфда ўқитяпман. 1-, 6-, 7- ва 11-синфда 1 нафардан, 3-, 4- ва 5-синфда 2 нафардан ўқувчим бор».
Комплекс синфда дарслар эрталаб соат 8да бошланади. Машғулотлар ҳар бир ўқувчи учун алоҳида, индивидуал тарзда ўтказилади. Гавҳар Бобоева мутахассислиги кимё ва биология ўқитувчиси бўлишига қарамай, барча асосий фанлардан дарс беради.
«Мутахассислигим – кимё ва биология ўқитувчиси, аммо барча асосий фанлардан дарс бераман. Қишлоқ болаларида бошқа мактабларга бориш имконияти йўқ. Шу туфайли, комплекс синфда уларга барча фанлар ўқитилади».












