Маҳалла аҳли мурожаати ортидан, Дориломондаги 56-мактабга бордик. Мактабнинг 2 қаватли биноси 1976 йилда қурилган.

Бинода 8 та синф хонаси бор. Дарслар икки сменада олиб борилади. 24 та синфдан 8 таси мослаштирилган қўшимча биноларда ўқияпти.

Авария ҳолатидаги қўшимча биноларнинг қоронғу ва зах хоналарида ўтган асрдан мерос доска-ю парталарда келажак авлод билим оляпти.

Ўқувчилар кутубхона, спорт зали, тўгараклар, ошхона сингари энг элементар қулайликларни фақат орзу қилиши мумкин.

«Мактабимиз 1976 йил қурилган. 8 та хонаси бор холос. Фарзандларимиз икки сменада ўқийди. Мана бу қўшимча бино ҳашар йўли билан қурилган. Парталари собиқ иттифоқ давридан қолиб кетган, хоналар қоронғу, қийин-да...

Бу томондаги қўшимча бинолар нураб, авария ҳолатида турибди. Фарзандларимиз, айниқса бошланғич синфларда ўқийдиган болалар жуда қийналмоқда. Вилоят ҳокимлигига, бошқа мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик, лекин натижа йўқ», – дейди Алижон ота Назаров.

240 ўринга мўлжалланган мактаб охирги марта 2007 йилда капитал таъмирланиб, қўшимча бинолар билан ҳисоблаганда 320 ўринли ҳолатга келтирилган. Лекин ҳозир мактабда 550 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 37 нафар ўқитувчи дарс беради. Ўқитувчиларнинг 32 нафари олий тоифали.

Мактаб директори Носиржон Маъруфов ҳамроҳлигида бинолар ҳолати билан танишдик. Даставвал 1-синф ўқувчилари билим олаётган хонага кирдик. Киришга кирдиг-у, ҳайратдан ёқа ушладик: синф хонаси жуда тор, қоронғу, деворга 50-йилларда ишлаб чиқарилган доска илиб қўйилган.