Жойларда 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорининг қатор бандлари таъминланмаётгани ҳақида хабар берилди. Шу каби муаммоларни ичидан биладиган ва бевосита бошидан кечираётган республика фан олимпиадаси ғолиби, Самарқанд шаҳридаги 77-умумтаълим мактаби директор ўринбосари Баҳром Тошбоев ушбу қарор ижроси юзасидан таклиф ва эътирозларини билдирди:

«Ҳамма нарсани ҳам моддий манфаат билан ўлчаб бўлмайди, албатта. Аммо қоғоздаги гаплар қоғозда қолиб кетавермаслиги ҳам керак. Яъни, ҳукумат ва давлат раҳбарининг қарори ижро этилиши лозим.

Демоқчи бўлганимиз, 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган республика ва халқаро олимпиада ғолибларига қўйидаги имтиёзлар белгилаб қўйилган:

г) таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган:

халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз;

асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади.

Шунингдек, қарор мазмунида олимпиада ғолибларини рағбатлантириб бориш бўйича Халқ таълими вазирлиги тизимининг белгиланган штатлар сони доирасида 14 та штат бирлигидан иборат Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилиб, мазкур қарор ижроси 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб амалиётга татбиқ этилиши белгилаб берилган.

Афсуски, шу кунгача аксарият ҳудудларда мазкур қарор ижроси таъминлангани йўқ. Агар бу имтиёздан кимдир фойдаланаётган бўлса ҳам ўзининг шахсий ташаббуси, хатти-ҳаракати, талаби билан амалга ошган. Бизнингча, қарор чиқарилгандан кейин департамент мазкур тоифага кирувчи педагоглар рўйхатини шакллантириши ва уларнинг ушбу имтиёздан фойдаланишини таъминлаши лозим эди. Президент қарори ижроси Халқ таълими вазирлигида бажарилмас экан, қуйи ташкилотлардан нима ҳам кутиш мумкин?