Марказий универмаг ёнида, «Мовий гумбазлар» номи билан аталиб келинадиган боғ – пойтахт марказидаги энг сердарахт хиёбонлардан. Бу ер уч йил олдин ободонлаштирилган эди.
Хиёбоннинг ўзига хослиги – у турли аттракционлар жой олган сершовқин парк эмас. Боғ – кўплаб дарахтлар, майсазор, сайр йўлаклари ва ўриндиқлар, овқатланиш ва музқаймоқ шохобчалари, китоб дўконлари бир жойда жамланган, осуда ҳордиқ чиқариш мумкин бўлган пойтахтдаги кам сонли масканлардан.





Пойтахт расмийлари мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб барпо этиладиган «Истиқлол» мажмуаси учун шу боғ ҳудудини танлагани жамоатчилик эътирозини уйғотди.
Ҳокимлик боғдаги дарахтлар ҳимоя қилинишига ваъда беряпти, лекин фаол фуқаролар сўнгги йиллардаги «дарахтлар геноциди»дан шунчалик юрак олдиришганки, ҳокимиятнинг ваъдаси уларни ишонтира олмаяпти.
Боз устига, расмийлар мажмуа учун жой танлашда нега шаҳарнинг ҳақиқий эгалари – аҳоли фикрини инобатга олмагани борасида сукут сақлашмоқда.
Ҳокимлик мажмуа лойиҳаси бўйича танлов эълон қилганидан кўп ўтмай, бир гуруҳ фаол фуқаролар «Мовий гумбазлар»ни сақлаб қолиш учун петиция бошлади.

«Биз ушбу маскан ўз ҳолатида қолдирилиши учун овоз берамиз.







































