Ўзбекистон | 12:16 / 13.02.2021
24506
2 дақиқада ўқилади

Ўткир Жумаев Бухоро шаҳри ҳокими этиб тасдиқланди

2020 йил мартидан буён Бухоро шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келган Ўткир Жумаев ушбу лавозимга тасдиқланди.

Фото: Бухоро шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Бугун, 13 феврал куни халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгашининг 30-сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Сессия ишида шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида фаолият юритиб келаётган Ўткир Жумаев номзоди шаҳар ҳокими лавозимига маъқулланди.

Фото: Бухоро шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, Ўткир Жумаев 1975 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. Маълумоти олий: 1997 йил Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини, 2011 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1997 йилда «Бухоросувқурилиш» акционерлик жамиятининг 37-сон кўчма механизациялашган колоннаси ишлаб чиқариш бўлими муҳандислигидан бошлаган Ўткир Жумаев «Бухороавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш давлат корхонаси директори (2009–2010), «Бухороавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш давлат ташкилоти директори (2011–2012), «КНАУФ ГИПС БУХОРО» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона ўқув маркази бошлиғи (2012–2015), «КНАУФ ГИПС БУХОРО» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона директорининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари (2015–2019) лавозимларида ишлаган.

Ўткир Жумаев 2020 йил март ойида Бухоро шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов лавозимидан озод этилгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид