Иқтисодиёт | 10:40 / 16.02.2021
8202
2 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт» агентлиги фаолияти танқидий кўриб чиқилди

Ўзбекистонда 5200та янги стандартларни жорий этиш, 1723та миллий стандартларни ва 12та техник регламентни халқаро талабларга мувофиқлаштириш режалаштирилмоқда.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов раҳбарлигида «Ўзстандарт» агентлиги фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш масаласида йиғилиш бўлиб ўтди. Вазирлик матбуот хизмати маълум қилишича, республикадаги стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасининг ҳолати танқидий кўриб чиқилган.

Маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорда рақобатбардошлигини белгиловчи миллий қонунчилик замонавий халқаро стандартларга мувофиқ эмаслиги таъкидланган.

Йиғилишда бир қатор қонун ҳужжатлари, хусусан, «Стандартлаштириш тўғрисида», «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида», «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида», шунингдек, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларни янги таҳрирда ишлаб чиқиш белгиланган.

Божхона жараёнида техник регламентларнинг бажарилиши устидан давлат назоратини жорий этиш ҳамда хавф таҳлили ва танланма асосида экспертиза ўтказиш орқали маҳсулот сифатини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилишни амалиётга жориш қилиш бўйича алоҳида кўрсатма берилган.

Жорий йилда 13,7 минг корхонада стандартларга риоя қилиш ва маҳсулот сифатини таъминлаш бўйича назорат тадбирлари ўтказилиши, 5200та янги стандартларни жорий этиш, 6 минг корхонада маҳсулот сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, 1723та миллий стандартларни ва 12та техник регламентни халқаро талабларга мувофиқлаштириш, ушбу соҳадаги 2 мингга яқин мутахассиснинг малакасини ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, хорижий мамлакатларга олиб кирилаётган товарларга қўлланадиган амалдаги талаблар ва техник чекловлар тўғрисида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларга ахборот бериш тизими такомиллаштирилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ, «Ўзстандарт» агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Жавлон Каттахўжаев ва директор ўринбосари Рустам Қиямов ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид