Анжуман минтақалардаги гидроэнергетика соҳасининг ривожи ва тараққий этиши, гидроэнергетик иншоотлар қурилиши, модернизацияси, муаммо ва истиқболлари бўйича ўзига хос ўзаро тажриба алмашиш, узвий ҳамкорлик ва мулоқот майдончаси бўлиб хизмат қилади.

Мазкур йирик конгрессда 150дан ортиқ компания ҳамда 20дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, Марказий Осиё ва Каспий минтақалари вакиллари – Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон, Эрон, Арманистон, Россия, Грузия, Туркия иштирок этмоқда.
Анжуман гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган ишларни ривожлантириш, соҳага янги инновацион технологиялар ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилиш, олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, соҳа мутахассислари иштирокида асосий масалаларни муҳокама қилиш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида ўтказиб келинади.
Конгресснинг биринчи куни Марказий Осиё ва Каспийорти мамлакатларида қурилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар, қўлланилаётган технологияларни татбиқ қилишга бағишланди.
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқарма бош мутахассиси Азимжон Зайдуллаев жамиятнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги ўрни, гидроэнергетика соҳасидаги ишлар ҳақида фикр билдирди.

«Гидроэнергетика соҳаси тарихига назар солинса, гидроэлектр станциялар 20-аср 30-40-йилларидан бошлаб қурилган. Ўзбекистондаги мавжуд сув потенциали 27 ггваттни ташкил этади. Ҳозирги кунда АЖ таркибидаги станциялар қуввати 2005 мегаваттни ташкил этади, 2030 йилга бориб эса 3600 мегаваттга кўтариш режалаштирилган. Компаниянинг келажак мақсадларига кичик гидроэлектр станцияларни кўпайтириш киритилган», деди Азимжон Зайдуллаев.
Азимжон Зайдуллаев сўзларига кўра, «Ўзбекгидроэнерго»да ҳозир республика бўйича жами электр ишлаб чиқариш қувватларининг 13 фоизи ташкил қилмоқда, бу йилига 6.5 млрд киловатт/соат электр токи дегани.
«Республика бўйича жами электр ишлаб чиқариш қувватларининг 13 фоизи жамият ҳиссасига тўғри келмоқда, бу дегани йилига 6.5 млрд киловатт/соат электр токи ишлаб чиқаради. Режага асосан 2030 йилда 23 фоизга чиқариш мақсад қилинган», дея маълум қилди Азимжон Зайдуллаев.
Жамият аппарат раҳбари Суҳроб Ҳамроев жорий йилда фойдаланишга топшириладиган гидроэлектр иншоотлари ҳақида маълумот берди.
















