Чемпионлар лигаси. 1/8 финал
«Порту» (Португалия) — «Ювентус» (Италия) — 2:1 (1:0)
Голлар: Торимий, 2 (1:0). Марега, 46 (2:0). Кьеза, 82 (2:1).
«Порту»: Марчесин, Пепе, Мбемба, Манафа, Сануси, Сержиу Оливейра (Лум, 90+1), Отавиу (Диас, 57), Урибе, Корона (Чико Консейсау, 90+1), Марега (Груич, 66), Торимий.
«Ювентус» (Италия): Шченсни, Кьеллини (Мерих Демирал, 35), Данилу, Алекс Сандру, де Лигт, Рабьо, Маккенни (Мората, 63), Бентанкур, Криштиану Роналду, Кьеза, Кулушевски (Рэмси, 77).
Огоҳлантиришлар: де Лигт, 63. Данилу, 81. Мерих Демирал, 87. Алекс Сандру, 90+2.
Ҳакам: дель Серро Гранде (Испания).
17 феврал. Порту. «Драгау» стадиони.
«Ювентус» «Порту»га 1:2 ҳисобида ютқазди. Бу ўйинда меҳмонлар етакчиси Криштиану Роналду жуда кам кўзга ташланди - у фақат ўйин охирида фаоллашди - Кьезанинг жавоб голидан кейин уюштирилган ҳужумда, 84-дақиқада Мората қулай вазиятдан гол ура олмаганида қайтган тўпни кўкси билан тўхтатди, аммо зарба бера олмади. Ўйин охирида у ҳисобни тенглаштириши ҳам мумкин эди. Қўшиб берилган дақиқаларнинг охиргиси ўтаётган вақтда Криштиану рақиб жарима майдонига ёриб кириб, де Лигтнинг узун узатмасини ўзига мослади, аммо бирдан йиқилиб тушди. Бу эпизодда мезбонлар ҳимоячиси Заиду Сануси иштирок этди.
Ҳакам Карлос дель Серро Гранде Криштианунинг йиқилишига эътибор қаратмади, Роналду қўлларини силкиб пенальти сўради. Такрорларни кўриб айтиш мумкинки, арбитр барибир вазиятни тўғри баҳолаган: де Лигтнинг пасидан кейин португалиялик футболчи оёғини олдинга ноқулай ташлаган ва мувозанатни йўқотган. Сануси рақибга тегинган, аммо бу вақтда у йиқилишни бошлаганди. Қолаверса, бу вақтда ўйин якунига сониялар қолганди.
Роналду ўйин давомида фақат бир бор зарба берди - тўп дарвозабоннинг қўлларига бориб тушди. Бу ўйин португалиялик футболчининг чиройли сериясига якун ясади: ЕЧЛнинг сўнгги икки мавсумида плей-офф ўйинларида «Ювентус»нинг голларини фақат Роналду ураётганди. Энди бу рўйхатда Кьеза ҳам бор.
«Юве» доимий равишда тўпга эгалик қилишда устунлик қилди (бутун ўйин вақтининг 65 фоизи), аммо асосий кўрсаткичлар бўйича сезиларли устунликка эриша олмади: зарбалар сони 12:8 (аниқ зарбалар сони 5тадан), узатмалар аниқлиги 86 фоиз:70 фоиз, муваффақиятли алдаб ўтишлар сони бўйича 9:9, бурчак зарбалари сони бўйича 6:6.
















