Премьер-лига. 23-тур

20 февраль (шанба)

ЛИВЕРПУЛЬ – ЭВЕРТОН

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: UzReportTV

Биринчи даврадаги «Ливерпуль дербиси»да балки бутун мавсумга бурилиш ясаган воқеа рўй берганди. Жордан Пикфорд меҳмонлар сардори Виржил ван Дейкка жароҳат етказган, бунинг оқибати ҳамон таъсир қилишда давом этмоқда. Кўпчилик, «Ливерпуль»нинг муаммоси кўпроқ ҳужум чизиғида, гол кирита олмасликда бўлаётганини айтиши мумкин. Аммо шуни эътиборга олиш керакки, Виржилнинг майдонда бўлиши жамоанинг икки қанот ҳимоячилари Робертсон ва Трентга кўпроқ имконият яратарди. Бу икки футболчининг ҳужумкор ҳаракат қилиши эса олдинги чизиқда қўшимча ўйланмалар яратар, ҳимояланувчи рақиб вазифасини бир неча баробар оғирлаштириб юборарди. «Ливерпуль»нинг жуда кўп ўйинларда гол ура олмагани, Салоҳ ва Маненинг омадсизликлари аслида айнан Ван Дейкнинг йўқлиги билан боғланиши у қадар мантиққа зид эмас.

Лекин айнан дерби олдидан «Ливерпуль» кайфиятини ва ўзига бўлган ишончини қисман тиклаб олди, дейиш мумкин. АПЛдаги қаторасига уч мағлубиятдан сўнг, Чемпионлар лигасида анча кучли бўлган «Лейпциг» сафарда мағлубиятга учратилди. Инглизларнинг ушбу учрашувда анча ташаббус билан ва мазмунли ҳаракат қилгани Клопп ва шогирдларига яна ғалабали йўлга тушиб олиш имконини берса керак. Аксинча, «Эвертон»нинг аҳволи бироз оғирлашди – «Юнайтед» ва «Тоттенҳэм»га қарши анча сермаҳсул ва шиддатли ўйинлардан сўнг, икки маротаба мағлубият содир бўлди. «Сити»га қарши ўйинни тушуниш мумкин, «шаҳарликлар»га ҳозирда ҳамма мағлуб бўляпти, лекин «Фулҳэм»га қарши учрашувни Анчелотти жамоаси анча бўш ўтказганди.

Ўйин дерби бўлишидан ташқари, турнир жадвали, ЕЧЛ йўлланмалари учун курашда ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳозирда ҳар икки жамоа кучли тўртликдан ташқарида бўлса-да, у ерда бўлиш учун асосий даъвогарлардан саналишади. Тахмин қилиш мумкинки, ЕЧЛда фақат улардан бирига жой бўлади, зеро «Лестер», «МЮ», «Челси», «Тоттенҳэм» каби жамоалар ҳам мавсум охиригача курашишлари тайин.

 «Ливерпуль»нинг жароҳатлар билан боғлиқ муаммолари давом этмоқда. Бу сафар майдонга туша олмайдиганлар сафига Милнер ва Фабиньо ҳам қўшилган. Лекин яхши хабар – Наби Кейта умумий гуруҳга қайтган ва балки бу учрашувга тайёр бўлиши мумкин. Меҳмонлар сафида эса ҳимоячи Йерри Мина шерикларига ёрдам бера олмайди.