18:50 / 21.02.2021
7846

Жокович «Australian Open»да ғолиб бўлиб, «катта дубулға» туркумидаги 18-совринини қўлга киритди

Теннис бўйича йилнинг илк «катта дубулға» туркумидаги мусобақаси – «Australian Open»нинг эркаклар яккалик баҳслари ўз ниҳоясига етди. Финалгача россиялик 25 ёшли Даниил Медведев ҳамда сербиялик Новак Жокович етиб келди.

Дунёнинг биринчи ракеткаси Жокович финалнинг фақат биринчи сетида қийинчиликка дуч келди ва тайбрекда ғалаба қозонди. Кейинги икки сетда эса сербиялик теннисчи осонлик билан ғалабани таъминлади: 6:2, 6:2. Шу тариқа Жокович 9-марта Австралия очиқ чемпионатида ғолиб бўлди.

Бу Жоковичнинг «катта дубулға» туркумидаги мусобақаларда қўлга киритган 18-ғалабаси бўлди. Бу борада серб фақат Рожер Федерер ва Рафаэль Надалдан ортда қолмоқда. Бу икки теннисчи 20 марта «катта дубулға» тоифасидаги турнирларни ютган. Бугун Жокович йирик мусобақалардаги 101-совринини қўлга киритди. У 83 марта мастерс туркумидаги мусобақаларда ҳам ғалаба қозонган.

Россиялик Даниил Медведев охирги йилларда теннис оламидаги энг ёрқин кашфиёт деб баҳоланмоқда. У ўтган мавсумда йилнинг якунловчи мастерс мусобақасида ғолиб бўлганди. Ўшанда россиялик теннисчи яримфиналда Жоковични енгган. Медведевнинг ҳисобида мастерс туркумидаги 9 та мусобақа ғолиблиги бор. 25 ёшли спортчи икки марта «катта дубулға» туркумидаги турнир финалига чиққан. Медведев бугунги рақиби Жокович учун ҳам ноқулай рақиб ҳисобланарди. У охирги тўртта ўзаро ўйиннинг учтасида сербни мағлуб этган. Австралия очиқ чемпионати финали Медведевни дунё рейтингида учинчи ўринга олиб чиқди.

Медведев «Australian Open» яккалик баҳсларида ғолиб бўлган тўртинчи россияликка айланиши мумкин эди. Унгача Евгений Кафелников (1999), Марат Сафин (2005 йил) ва Мария Шарапова (2008) йилнинг илк «катта дубулға» мусобақаси ҳисобланган «Australian Open»ни ютган.

Жокович «Australian Open»нинг бу йилги мусобақасини энг кўп эйс қилган теннисчи бўлиб якунлади. У еттита ўйинда 103 та эйсни амалга оширди. Финалда Медведев сербга бундай имкониятни атиги уч марта берди ва ўзи 6 марта эйс қилди. Бироқ Жоковичда биринчи зарбадан кейин очко ютиб олиш самарадорлиги юқори бўлди. Шунингдек, серб юзага келган 11 та брейк поинтдан 7 тасини ютиб, катта устунликни таъминлади. Жокович финал давомида россиялик рақибининг энг нозик жиҳатига босим қилди: Медведев орқа чизиқдан форхендларни самарали амалга ошира олмагани сабаб Жокович уни тўрга яқинлаштирмасликка ҳаракат қилди ва олис бурчакка берилган зарбалари билан устунлигини мустаҳкамлади. Шунингдек, серб рақиби чап томонидан келган зарбаларга яхши қаршилик қила олмаслигини ҳам тўғри англаб, босим қилди.

Жокович жуда юқори темп таклиф қилмади ва рақибини доимий тўрдан олисда ушлади. Узун зарбаларда оқсайдиган Медведев эса кўп марта форхенд амалга оширганда тўпни аутга ёки тўрга уриб, сербга очко совға қилди. Мутахассисларнинг фикрича, Жокович финални тактик устунлик билан осонликча ютиб олди.

Бу йил мусобақада мукофот жамғармаси олдинги йилгига қараганда камайган. Жокович мусобақа ғолиби сифатида 2,75 миллион евро ишлаб олди. Ўтган йил ғолиблар учун мукофот 4,12 миллион доллар этиб белгиланган. Турнир финалига етиб борган Медведев 1,5 миллион доллар мукофот билан ортга қайтадиган бўлди.

Top