Бугун, 22 феврал куни Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида кенгаш аъзоси сифатида биринчи марта иштирок этди, президент Шавкат Мирзиёев ушбу учрашувда нутқ сўзлади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон сўнгги йилларда кенгашга аъзо бўлиш учун бутун масъулиятни англаган ҳолда интилиб келганини таъкидлаб, янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган демократик ислоҳотлар ортга қайтмайдиган тус олганини қайд этиб ўтган.

«Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват» ташаббусини илгари суриш учун Кенгаш аъзолари, барча шерикларимиз билан яқин ҳамкорликни давом эттирамиз», деган давлат раҳбари.

Президент Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятнинг устувор йўналишларини санаб ўтган.

Биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради.

2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган «ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойили асосида амалга оширилади. Бу ўринда сўз Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси экспертларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш тўғрисида бормоқда.

Иккинчидан, гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлари қатъий давом эттирилади. Жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Учинчидан, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади. Яқинда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилмоқда. Ўзбекистон имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этади.

Тўртинчидан, аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда. Жорий йил Ўзбекистонда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб эълон қилинди. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрилмоқда.