Дунёга машҳур Nike, Adidas, Apple брендлари, шунингдек, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари чакана савдоси бўйича етакчи – Испаниянинг INDITEX компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўймоқчи. Қозоғистонлик сиёсатшунос Дониёр Ашимбаев Ўзбекистонда иқтисодий дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилишининг асосий сабабларини айтиб ўтди.

Ўзбек пахтаси + юқори технология

«Ўзбекистон дунёдаги энг йирик пахта етиштирувчи мамлакатлардан биридир. Тошкент яхши муҳандислик базасига, енгил саноат мутахассисларини тайёрлаш соҳасида билимга эга», дейди Ашимбаев.

Меҳнат + интизом + саноат

Ашимбаев арзон ишчи кучи, меҳнатга йўналтирилган менталитет, амалий интизом Ўзбекистонда кучли эканлигини таъкидлаган. Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, Тошкент Туркистон ўлкасининг собиқ маркази Олмаотага қараганда анча ривожланган шаҳар бўлган, аммо бошланғич шартлари тахминан бир хил эди.

«Бизда хомашё етказиб бериш саноати ривожланган пайтда, Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқариш соҳасида тажрибага эга эди», деди у.

Давлат томонидан тартибга солишнинг кучлилиги

Ашимбаев, шунингдек, жуда қаттиқ ва кучли давлат регламентини муҳим деб ҳисоблайди: «Президент Мирзиёев иқтисодиётни либераллаштириш бўйича кўрган чоралари, Ўзбекистон ва Қозоғистонни таққослаганда, Тошкентга катта афзалликларни берди. Шу билан бирга, мобил ишчи кучи, барқарор қонунчилик ва ислоҳотларнинг кетма-кетлиги бизда етишмаётган асосий нарсалардир».

Давлат дастурларини амалга ошириш

«Биз Қозоғистонда давлат дастурларининг қандай самарасиз амалга оширилаётганини кўряпмиз. Ишонинг, буни хорижий инвесторлар ҳам кузатиб бормоқда. Битта дастур тугади, бошқаси изидан қабул қилинмоқда, аммо дастурда нима ишлар қилингани ва қандай натижа бергани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ», дейди қозоғистонлик сиёсатшунос.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатларида инвесторларни энг кўп чўчитадиган нарса – барқарор қонунчилик мавжуд эмаслигидир: «Бизда Солиқ кодексига тузатишлар деярли ҳар ҳафта амалга оширилади. Беш йил ичида Тадбиркорлик кодексига жуда кўплаб ўзгартиришлар киритилди. Қонунчилик доимий равишда ўзгариб туради. Бундан ташқари, хорижий рейтинг агентликлари ҳужжатларида таъкидланганидек, Қозоғистон қонунчилиги тескари йўналишда ўзгаришга мойил».