12:18 / 24.02.2021
5279

Moody’s: Ўзбекистондаги тизимли ислоҳотлар кредит рейтингини барқарорлаштирди, аммо қийин ислоҳотлар ҳали олдинда

Давлат қарзининг ўсиши валюта курсининг кўтарилишига боғлиқ, чунки умумий давлат қарзининг 90 фоизи чет эл валютасида олинган. Шунингдек, банк секторининг катта қисми хорижий валютада иш юритади.

2016 йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати амалга оширган тизимли ислоҳотлар иқтисодиётдаги кўплаб самарасиз хатти-ҳаракатларни бартараф этди, аммо сиёсий ва ижро этилиши қийин бўлган энг қийин ислоҳотлар ҳали олдинда. Бу ҳақда Moody’s Investors Service рейтинг агентлиги маълум қилган.

«Ўзбекистоннинг ҳозирги ислоҳотлар кун тартиби ҳам ижобий ҳам салбий босимлар манбайи ҳисобланади. Давлат назоратини юмшатиш, ҳукумат ташкилотларини ислоҳ қилиш ва ташқи сиёсатни қайта ташкил қилиш Ўзбекистон рейтингининг асосий чеклови бўлган институционал заифликларни бартараф этади.

Шу билан бирга, ички иқтисодиётни хусусий ва халқаро рақобат учун очиш иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин», дейди Moody’s агентлиги вице-президенти ёрдамчиси ва таҳлилчиси Нишад Мажмуадар.

Хусусан, сўнгги йилларда ҳукумат нархларни назорат қилишни бекор қилди, чет эл валютасини сотиб олишдаги чекловларни олиб ташлади ва қишлоқ хўжалиги ва ер ислоҳотларини амалга оширди, шунингдек, суд тизимини қайта қуриш давом этмоқда.

Узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон янада мураккаб ислоҳотларга дуч келади, шу жумладан, коррупцияга қарши курашадиган самарали механизмни барпо этиш ва иқтисодиётда ҳукмронлик қиладиган ва кўпинча рақобатдан сақланадиган 500дан ортиқ давлат корхоналарини хусусийлаштириши керак.

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2023 йилгача ўсишда давом этса-да, B даражали ўртача кредит рейтингидан паст бўлиб қолади. Давлат қарзи ўсиши валюта курси кўтарилишига боғлиқ, чунки умумий давлат қарзининг 90 фоизи чет эл валютасида олинган. Шунингдек, банк секторининг катта қисми хорижий валютада иш юритади.

Мавзуга оид
Top