Ўзбекистон | 09:36 / 24.02.2021
3538
2 дақиқада ўқилади

«TOEFL» халқаро имтиҳонлари ДТМда шартнома асосида ташкиллаштирилади

2021 йилнинг иккинчи чорагида «TOEFL» тоифасидаги халқаро имтиҳонлар ДТМда шартнома асосида ташкиллаштирилади. Бу ҳақда АОКАда Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

АОКАда Давлат тест маркази томонидан чет тилни билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бўйича 2020 - 2021 йилларда ўтказилган тест синовлари ҳисоботи ва таҳлили ҳамда соҳага оид бошқа масалалар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда ДТМ бошқарма бошлиғи Жавлонбек Нурматов жорий йилда марказ томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

«2021 йил якунига қадар чет тилларидан янги форматдаги кўп даражали тест тизимини амалиётга жорий этиш режалаштирилган.

Мазкур кўп даражали тест синови тизими халқаро таълим тизими имтиҳонларига мос келиши билан биргаликда, CEFR шкаласининг B1-B2-C1 даражаларини ўз ичига олган ягона форматга эга бўлади. Бунда барча кўникмаларни баҳолай оладиган янги баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади.

2021 йилнинг иккинчи чорагидан халқаро таълим ташкилоти ETS (Educational Testing Service) томонидан ўтказиладиган «TOEFL ITP», «TOEIC», «TOEFL IBT» халқаро имтиҳонларини Давлат тест марказида шартнома асосида ташкиллаштириш режалаштирилмоқда», деди ДТМ бошқарма бошлиғи.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид