Экспонатлар таркибида бошқарма шахсий таркибининг турли йиллардаги хизмат кийимлари, табел қуроллари, ускуна ва махсус воситаларидан намуналарни кўриш мумкин.
Музей 4 бўлимдан иборат. 1-бўлимдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш тизимининг вужудга келиш тарихига доир экспонатлар ўрин олган. Собиқ иттифоқ даврида ички ишлар органлари фаолиятига тегишли экспонатлар эса 2-бўлимга жойлаштирилган.


3-бўлим мустақиллик йилларида Тошкент шаҳар ИИББ тизимидаги ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилса, 4-бўлим пойтахт ИИББ соҳавий хизматлари, туманлар ИИО ФМБлари фаолияти ҳақида маълумот беради.

Музейда жами 54та стендда, 1та сенсорли инфокиоскда ички ишлар органлари тарихи ва фаолиятига оид лавҳалар намойиш этилган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси кадрлар бошқармаси бош инспектори капитан Элбек Нормўминов музейда жойлаштирилган экспонатлар ва уларнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида маълумот берди.

Унинг ҳикоя қилишича, XVIII асрга келиб, Тошкент шаҳри баланд мудофаа девори билан ўраб олинган ва шаҳарнинг 12та дарвозаси бўлиб, 4 даҳага бўлинган. Булар – Кўкча, Бешёғоч, Себзор ва Шайхонтоҳур даҳаларидир. Ҳар бир даҳада осойишталикни, аҳолининг тинчлигини таъминлаш учун миршаблар фаолият олиб борган.

Миршаб сўзи «тунги шаҳар соқчиларининг бошлиғи» деган маънони билдиради. Тарихий манбаларда айтилишича, XVIII–XIX асрларда Тошкент кўчаларида миршаб ва миршаббошилар кеча-ю кундуз, ҳозирги тилда айтганда патруллик қилиб, жамоат жойларида, аҳоли гавжум жойларда жамоат тартибини сақлаш, турли жанжаллар, бозорлардаги тош-тарозиларнинг тўғрилигини текшириш, жиноят ё ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни тартибга чақириш ва суд томонидан уларга тайинланган жазони ижро этиш каби вазифаларни бажарган.
























