Сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистонда картошка нархларининг юқори ўзгарувчанлиги кузатилган. EastFruit мутахассисларининг фикрига кўра, 2017 йилда ушбу маҳсулот нархи 90 фоизга ўсган.
2020 йил охирида Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси 42 фоиз ўсиш кузатилгани ҳақида хабар берди. Бу йилларда мамлакатда инфляция тезлашди, лекин картошка нархларининг ўсиш суръати умумий инфляция даражасидан ҳам, озиқ-овқат маҳсулотларидаги инфляциядан ҳам бир неча баравар ошиб кетди.
Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда картошка нархи кескин ўсишига нима сабаб бўлди? EastFruit мутахассислари ушбу ўсишнинг асосий сабабларини аниқлаш учун сўнгги йигирма йилликдаги картошка ишлаб чиқариш, импорт ва истеъмол қилиш тенденцияларини таҳлил қилди.
2000 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистон аҳолиси 24,8 миллион кишидан 34,6 миллион кишига кўпайди, яъни шу давр оралиғида умумий ўсиш 39,3 фоизни ташкил этган. Таққослаш учун, ушбу даврда Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажми 731,1 минг тоннадан 3,14 миллион тоннага кўпайган. Умумий ўсиш 330 фоизни ёки 4,3 бараварни ташкил этмоқда.
Булар фақат шу даврдаги ўзгаришларни кўрсатадиган умумий хулосавий кўрсаткичлардир. Ушбу даврда аҳолининг ўсиш динамикаси ва Ўзбекистонда картошка ишлаб чиқариш ҳажми синчковлик билан ўрганиб чиқилса, ўтган давр мобайнида нархлар ўзгаришининг бир неча муҳим нуқталарини кўрсатиш мумкин.
Биринчидан, Ўзбекистонда аҳоли нафақат ўсиб бормоқда, балки ўсиш кўрсаткичи ҳам ошиб бормоқда. Масалан, 2000 йилдан 2006 йилгача аҳолининг йиллик ўсиши ўртача 1,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2007 йилдан 2017 йилгача бўлган кейинги 11 йил ичида аҳоли сонининг йиллик ўсиши ўртача 1,7 фоизни ташкил этган. 2018 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда аҳоли сони ўртача 1,9 фоизга кўпайган. Бошқача айтганда, сўнгги 21 йил ичида аҳолининг ўсиш суръатлари йилига ўртача 1,2 фоиздан 1,9 фоизгача ўсган. Ушбу факт аҳолининг кундалик истеъмолида нондан кейин иккинчи ўринда турадиган маҳсулотни истеъмол қилишни прогнозлашда жуда муҳим ҳисобланади.
Иккинчидан, Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажми йилдан йилга аҳоли сонига нисбатан тезроқ ошиб бормоқда. Картошка етиштиришнинг йиллик ўсиш суръати аҳоли ўсишидан анча юқорироқдир. Натижада 2000 йилдан 2020 йилгача аҳоли жон бошига картошка ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 29,5 килограммдан 91 килограммгача, яъни 3 баравар ошди.















