Ўзбекистон | 15:50 / 26.02.2021
7516
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши энг биринчи эмланадиган аҳоли тоифасини электрон рўйхатга олиш бошланди

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши вакцинация жараёнида биринчи навбатда эмланадиган тоифа вакилларининг электрон рўйхатини шакллантириш ишлари бошланган. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.

«Юртимизда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнида мазкур касалликни юқтириб олиш ва ҳар хил асоратлар юзага келиши эҳтимолидан келиб чиқиб, эмланиши лозим бўлган аҳоли қатлами икки тоифага ажратилган. Булар юқиш хавфи ўта юқори бўлган тоифа ва юқори бўлган тоифалардир.

Демак, биринчи навбатда юқиш хавфи ўта юқори бўлган аҳоли, кейинги навбатда юқиш хавфи юқори бўлган аҳоли қатлами ва ундан кейин эса аҳолининг қолган қисми эмланиши кўзда тутилган.

Ҳар бир қатламга мансуб аҳоли вакилларининг электрон рўйхатини шакллантириш ишлари бошланган. Республикада коронавирусга қарши эмлаш ишлари бошлангандан кейин ҳар бир эмланган шахс ҳақидаги маълумотлар электрон базага киритиб борилади. Кейинчалик эмланган аҳолининг иммун тизими даражаси, антитаначалар титри (миқдори) ва ҳосил бўлган иммунитетнинг нечоғлиқ турғунлиги баҳолаб борилади», дейди штаб аъзоси.

Қайд этилишича, биринчи навбатда эмланадиган касаллик юқиш хавфи ўта юқори бўлган аҳоли тоифасига кексалар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлари бўлган аҳоли вакиллари киритилган бўлса, кейинги босқичда эмланадиган касаллик юқиш хавфи  юқори бўлган аҳоли тоифасига мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, хорижда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат муҳожирлари киритилган.

Коронавирусга қарши эмланадиган аҳоли рўйхатини электронлаштириш ишлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

  • Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган вазифаларга бағишланган йиғилишда коронавирусга қарши эмлаш ишларини тезроқ бошлаш бўйича топшириқлар берди.
  • Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов Ўзбекистонда оммавий эмлаш ишлари март ойида бошланиши, йил якунига қадар аҳолининг 20 фоизи эмланишини маълум қилган эди.
  • 22 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган йиғилишда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиевнинг аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишларга оид ахборотида биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхати қайта кўриб чиқилиши маълум қилинган.
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид