“Самарқанд вилояти мисолида олсак, ҳозирги кўламда уйлар қурилиши охирги 50 йилда кузатилмаган. Вилоят бўйича 50 йилда 49 600та хонадонли 1 588та кўп қаватли уй қурилган бўлса, охирги 3 йилда 21 300та хонадондан иборат 416та кўп қаватли уй қуриб битказилган. Янги қабул қилинаётган фармонга кўра, Самарқанд вилоятида 4 479та хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши белгиланмоқда. Шундан 2 180та хонадонга муҳтожлар учун субсидия ажратилади.
Энди уйларни тарқатишда таниш-билишчиликнинг олдини олиш учун жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари жалб қилиниши олдингидай хатоларга йўл қўймайди”, – деди Эркин Турдимов ўз нутқида.
Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда аҳолининг эҳтиёжини қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой қуриш талаб этилиши ҳақида айтиб ўтганди.
«Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой қуриш керак», дея президентнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.
Шунингдек, давлат раҳбари ипотека бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилиши, шаҳарларда дастлабки бадал 20 фоиздан 15 фоизга туширилиши ҳақида маълум қилди.
«Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос», деди Шавкат Мирзиёев.

















