17:57 / 05.03.2021
6169

«3-4 йил ичида илмдан манфаатдорлик пайдо бўлди» — Тошкентда ёш олимларга 100 млн сўмгача пул мукофоти топширилди

Инновацион ривожланиш вазирлигида 2020 йил якунлари бўйича математика, биология, кимё ва геология фанларидан энг юқори рейтингга эришган ёш олимларни 100 млн сўм пул мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

40 ёшгача бўлган, «Ҳирш» индекси энг юқори олимлар танлаб олиниб, ҳар бир ўринга 100 млн сўмдан пул мукофотлари топширилди. Ғолибларни халқаро миқёсда нуфузга эга бўлган Elsevier компанияси аниқлаб берди.

Тадбирда сўзга чиққан инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бу каби рағбатлантиришлар ёшларни илмга қизиқтириши, ўрнак олишга чақиришини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Иброҳим Абдураҳмонов

«Президент томонидан иқтидорли ёшларни рағбатлантириб бориш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилган эди. Шунинг ижроси сифатида дунёда танилган, «Ҳирш» индекси энг юқори, 40 ёшгача бўлган олимлар танлаб олинди ва уларга 100 млн сўмдан пул мукофоти тақдим этилди. 

Фан йўналишларини танлашда президентимиз 2020 йилда устувор деб белгилаган математика, биология, кимё ва геология фанлари асос қилиб олинди.

Ҳамма жойда ҳам манфаатдорлик юқори, ривожланиш тенденциясини кўрсак, 3-4 йил ичида жамиятимизда, хусусан, илмда тижоратлаштириш орқали манфаатдорлик пайдо бўлди. 

Бугунги тақдирлашдан шуни тушуниш керакки, бу ёшларимизга ўрнак бўлсин. Илм шунчаки мақолалар, китоблар ёзиш учун эмас, илмга хизмат қилинса, унинг орқасидан жамият эътироф этишини намуна сифатида кўрсатмоқчимиз.

Бу каби тақдирлашларни кенгайтириб боришни режалаштирганмиз. 2021 йилда физика ва чет тили йўналишларини, кейинчалик гуманитар фан йўналишларини ҳам қамраб оламиз», дея таъкидлади инновацион ривожланиш вазири.

Тўртта фан йўналиши бўйича 6 нафар ёш олим тақдирланди. Математика ва кимё йўналишларида бир нафардан олим ғолиб бўлган бўлса, биология ва геология йўналишларида икки нафардан олимнинг «Ҳирш» индекси тенг келди, халқаро тажрибага асосан умумий сумма икки олимга тенг тақсимланди.

Мукофотланган олимлар:

математика —Аброр Худойбердиев;

кимё —Обид Турсунов;

биология — Улуғбек Абдуфаттоев, Тоҳир Бозоров;

геология — Шамшодбек Акмалов, Элёр Тошматов.

Олимларни тақдирлашга сарфланган мукофот маблағлари Ёшлар академияси ҳисобидан молиялаштирилди.

Top