Кройф ҳимоясига олган, Гвардиолага ишонч билдирган
«Барселона»даги президентлик сайловлари якунлари кутилганидек бўлди. Собиқ президент, эндиликда ёвузлик тимсолига айланган Жозеп Бартомеунинг яқин кишиларидан бўлган Тони Фрейшнинг мағлубияти муқаррар эди. Якунда 30 фоиздан ортиқроқ овоз билан иккинчи бўлган Жозе Фонт сайловолди кампанияси даврида бир муддат фаворитга айланганди, аммо кейин мулоҳазасизлик қилиб бу мавсумда барча совринларни ютган тақдирда ҳам Роналд Куманни истеъфога чиқаришни ваъда қилиб қўйди, кейин эса бутун эътиборини асосий рақибини танқид қилишга қаратди.

Бу номзодлар фонида Жоан Лапорта ажралиб турарди - бунга унинг ўтмиши ҳам сабаб эди. Маълумки, инсон хотираси салбий лаҳзаларни иккинчи планга ўтказиб, кўпроқ ёқимли лаҳзаларга эътибор қаратади. Шундай экан, ҳозирда Лапортанинг аввалги бошқаруви вақтидаги можароларни кўпчилик эсламайди - шундай можаролар доирасида ўша вақтда баскетбол йўналишига масъул бўлган Бартомеу ҳам истеъфога чиққанди. Ёки «Барса»нинг бошқа бир собиқ президенти Сандро Росселнинг Лапорта демократия ваъда қилиб, ҳақиқий шахсга сиғиниш культини ўрнатгани ҳақидаги гапларини ҳозир биров эсламайди.

Фантастик натижалар ва ўша вақтдаги 200 миллион евролик қарз масаласи ҳал қилиниши барчасини ёпиб кетарди. Чиндан ҳам, Дэвид Бекҳэмни сотиб олиш ваъдаси бажарилмаганини эслашнинг нима кераги бор, ахир «Реал»ни танлаган инглиз ўрнига «Камп Ноу»га Роналдиньо келган бўлса? «Барса» у билан кўплаб совринларни, шу жумладан, Чемпионлар лигасини ютганди, айнан Лапорта Хосеп Гвардиоланинг мураббийлик даҳосини кўра олганди ва Жозе Моуриньо номзодини рад этганди.

Қолаверса, Лапортанинг биринчи март президентликка келиши Каталония клуби учун муҳим фигура — Йохан Кройфнинг марҳамати эвазига бўлганди. Сайловлар кунига оз вақт қолганида нидерландиялик афсона ўзи кимга беҳад ишонишини айтганди. Ҳайрон қоларли жойи йўқ, ахир Лапорта кўп йиллар мобайнида Кройфнинг шахсий адвокати бўлиб ишлаган, янги лавозимида ҳам гурунинг тавсияларига амал қилиб, клуб спорт директори лавозимига Чики Бегиристайнни тайинлаган. Бу шахс эса икки бор «Барселона»да янги жамоа қура олди, кейинроқ «Манчестер Сити»да катта лойиҳани амалга оширди, Лапорта уни клубга олиб келишни президентлиги давридаги энг яхши қарори деб атаган.

 

Жоан Лапорта. Фото AFP