Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси – Ўзбекистон ҳавоси, суви, тупроғи тозалиги ва бунинг учун қабул қилинган меъёрларга ҳамманинг амал қилишини таъминлаш учун жавобгар ва ваколатли орган.
Шу туфайли ҳам фаол жамоатчиликда ушбу органга саволлар талайгина.
Kun.uz соҳадаги кўплаб муаммоли масалалар юзасидан қўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов ва бошқа мутасаддилар иштирокида катта интервью ташкил этди.
«Агар ўзимни табиатга бефарқ тадбиркор деб олсам, унда ўзим атмосферага чиқинди чиқаряпман, ўзим оқова сувларга кимёвий заҳарларни оқизяпман, ўзим чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаяпман. Кейин эса аптекага бориб, болаларимга дори оляпман. Табиатни ўзим заҳарлаб, энди ўзим даволаняпман...» – дея айрим тадбиркорлар ҳолатини тасвирлади Исломбек Боқижонов.
«Биз экологияга зарар етказаётган корхоналарга нисбатан кескин чоралар кўриб, суд орқали фаолиятини тўхтатиб қўя оламиз. Масалан, бир корхона бир кун ишламаса, унинг 300 ёки 500 нафар ишчисининг уйида қозони қайнамайди. Бу томонини ҳам ўйлашимиз керак-да.

Шунинг учун биз кескин чоралар қўллашдан олдин босқичма-босқич шароит яратишимиз керак. Ўзимизда айб бўлган, ўша корхона очилаётган пайтда биз шуни талаб қилмаганмиз. Агар бошида қаттиқроқ турсак эди, у корхона ҳали иш бошламасидан, ўша 500 кишини ишга олмасидан олдин зарур чораларни кўрганда, яъни экологияга зарарни минималлаштирадиган технологияларни жорий этганида, тўғри бўларди. Шу сабабли ҳам биз ҳозир янги очилаётган корхоналарга талаб қўйяпмиз.
Ўзим гувоҳ бўлдим. Тошкент шаҳрининг ўртасида битта катта завод қурган. У заводдан атмосферага чиқинди чиқади, заводнинг шундоқ ёнида эса – аҳоли уйлари. Шунга қарамай бу завод қурилган. Энди уни кўчирамиз десак, фаолиятини тўхтатиб қўямиз десак, у бир неча юз ёки минг кишини иш билан таъминлаган.
Йирик корхоналар триллионлаб солиқ тўлашади, тўғри, лекин солиқ тўлади, давлатга фойда келтирди деган билан атмосферани унутмаслигимиз керак-да.

Шу масалаларга етарлича эътибор берилмагани учун ҳам Хитойдаги кўплаб шаҳарлар аҳолиси ҳозир кечаси осмонда юлдузни кўра олмайди. Биз ҳам ҳаво ифлосланиши сабаб юлдузларни кўра олмайдиган даражага бориб қолмаслигимиз учун ҳозирдан ҳаракат қилишимиз керак. Шу йўлда ҳаракат қиляпмиз ҳам», – дейди Экоқўм раиси ўринбосари.














