Уч аср билан юзлашган Ҳувайдо момо ҳақида икки йил аввал ҳам ёзган эдик. Балки, кимлардир бу орада момонинг зиёратига ҳам боришга улгургандир. 126 баҳорни қаршилаётган онахон ҳамон ҳаёт.
8 март байрами арафасида Kun.uz ижодкорлари Ҳувайдо момо Умаровани яна бир бор зиёрат қилиш учун Фарғона вилоятининг Бувайда туманида бўлди.
Момонинг фуқаролик паспортида туғилган санаси – 1895 йилнинг 1 январи деб қайд этилган. Ҳувайдо онанинг суҳбатида бўлиб, момонинг хотираси ҳамон тиниқ, гаплари дадил эканлигига амин бўлдик. У кишининг ўтган давр хотиралари – колхозлаштириш, қулоқлаштириш, иккинчи жаҳон уруши, очарчилик даврларини аниқ эслаб, гапириб беришларидан ҳайратга тушдик. Ёнимизда тарих жонлангандек эди гўё.

Момо биз билан суҳбатда ўтган аср бошидаги давлат тўнтариши, очарчилик кунлари, Катта Фарғона канали қазилишида қилинган меҳнатлар, уруш вақтларида 9 гектарлаб ғўза майдонларини аёл боши билан тунни тонгга улаб бир ўзи суғорганлиги ҳақидаги воқеаларни эслаб, ҳикоя қилиб берди.
«Ҳозирги Фарғона каналининг қазилишида хотинлар ҳам, эркаклар ҳам бирдек ишлаган. Канални ҳеч ким қўли билан ковлаган, демайди. Кейин уруш бошланди. Канални қазишда иштирок этган зўр-зўр алп йигитлар урушга кетди. Кўплари ўша ерларнинг ўзида қирилиб кетди. Янгиқўрғон авваллари чўл эди. Бу ерларни текислаб, пахта жой қилганмиз. Боғ қилиб яратилишида ҳам меҳнат қилганмиз. Бу ерларни ҳозир кўрганлар чўл бўлган деб ўйламайди», — дея хотирлайди Ҳувайдо момо Умарова.

Момонинг таъкидлашича, уларнинг авлодида бир асрдан зиёд яшаганлар кўп бўлган: масалан, момонинг отаси Тошмат ота 101 ёшга, тоғаси Муллақодир ота 130 йил яшаган бўлса, аммаси Сайдинисо она 125 йил умр кўрган.
Ҳувайдо момонинг билдиришича, биринчи рўзғоридан фарзанд бўлмаган. Иккинчи рўзғоридан кўрган икки фарзанди ҳам турли касалликларга чалиниб вафот этган.
Момо 1935 йили ўғил фарзанд кўради. Унга Ҳошимжон деб исм қўяди ва онахоннинг бахтига Ҳошимжон яшаб кетади. Уч қиз, тўрт ўғил – жами етти нафар фарзандни катта қилган момонинг ҳозирда 50 нафар невара, 71 чевара, 50 дан ортиқ эваралари бор.





















