«Барселона» президенти сайловларидан уч ҳафта олдин Жоан Лапорта, у билан клуб ҳар қандай юлдузни сотиб олишга қодир бўлишини айтганди.

«Мбаппе ёки Ҳоланд? Агар мен президент бўлсам, трансфер бозоридаги энг ёрқин юлдузни сотиб олишимиз мумкин бўлади. Мессини ҳам унутманглар, уни жамоада олиб қолиш учун жуда жозибадор ва умидбахш лойиҳани тақдим этишимиз керак», – деганди Лапорта.

Икки ҳафта олдин: «Мен президентлик пайтимда «Реал» бирор марта ҳам Чемпионлар Лигасини юта олмаган. Айнан бизнинг муваффақиятларимиз туфайли, 2006 йилда Флорентино Перес «Реал»дан истеъфога чиққанди».

Бир ҳафта олдин: «Ишончим комилки, агар сайловда мен ютмасам, Месси Барселонада қолмайди».

Агар клуб тарихи ҳақида ҳеч нарса билмасангиз, бу гапларни айтаётган одам сизга нима ҳақида гапираётганини ўйлаб ҳам ўтирмайдиган ғирт популист бўлиб кўринади. Бошқа тарафдан, агар тарихни титкиласангиз ҳам, ҳафсалангиз пир бўлиши ҳеч гап эмас.

2003 йилда Лапорта илк марта президентлик сайловларида номзод бўлди ва ўшанда унинг имконияти жуда паст эди. Ҳамма Луис Бассатнинг ғалабасини кутар, клубдаги барча муҳим фигуралардан тортиб, спорт директорлиги вазифаси ваъда қилинган Пеп Гвардиола ҳам уни қувватлаётганди. Лекин Лапорта бир гапи билан ўзига яраша «ҳайп» яратди ва сайловда катта бурилиш ясади. У «Барселона»га Дэвид Бекҳэмни олиб келишга ваъда беради ва 51 фоиз овоз билан ғолиб чиқади. Бекҳэм эса, «Реал» футболчисига айланди.

Фото: Denis Doyle/Getty Images

Лапорта – популист. Аммо доим ҳам бу ёмон дегани эмас. Муҳими, бу Лапортанинг ягона жиҳати бўлмаса, чидаса бўлади. Сайловда ютиш учун энг яхши дастурга эга бўлиш шартмас, ҳаммадан яхши ваъда беришни уддалашинг керак. Ундан ҳам зўри, сен аниқ ваъдалар бермасдан туриб, атрофга позитив улаша олсанг, янада яхши. Сўнгги ойларда Лапорта ўзининг ҳар интервьюсида Мессини тилга олди, гўёки овоз берувчиларга у ва Месси ўртасида яхши муносабатлар ўрнатилганини сингдириш учун. Доим Йоҳан Кройфф ҳақида гапирди, Каталонияда авлиё даражасидаги шахснинг ўзига боғлиқлиги ҳақида оғиз кўпиртирди, ҳатто унинг ўғли Жорди Кройффни спорт директори қилмоқчи эканини айтди. Жуда кўп марта «Барселона» 6та соврин ютган 2008/09 йиллар мавсумини ёдга солаверди – хуллас, Лапорта келажак эмас, кўпроқ тарих ҳақида гапириб, мухлисларда эмоциялар уйғота олди. Қайси ғолиб шунақа қилмаган, айтинг, нима бўлгандаям, у ютди. Энди мухлисларга қуруқ гаплар эмас, ҳақиқий ишларни кўрсатиш даври, хўш, нега «Барселона» мухлислари сайлов натижаларидан хурсанд бўлишлари керак?