Ўзбекистон | 14:10 / 12.03.2021
5695
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси оилавий келишмовчиликлар боис содир этилган 

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва улар профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йил якуни бўйича ахбороти эшитилди.

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, соҳада умумий жиноятларнинг 95,2 фоизи фош этилган. Тергов органлари қидирувида бўлган 2 446 нафар шахс ушланган ва 436 нафар бедарак йўқолганлар топилган. Ички ишлар органлари ташаббуси билан 20 994та жиноят аниқланган.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатган.

Ўтган 2020 йилда республика миқёсида 62 081та жиноят қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 182,4тадан тўғри келган.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик эътиборидан четда қолгани оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

2020 йилда қайд этилган қотиллик жиноятининг ҳар учинчиси (143таси, 35,2 фоиз), оғир тан жароҳати етказиш жиноятининг 192таси (20,5 фоиз) оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмагани оқибатида 14 379та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти, яъни 50,5 фоизи (7 264таси) Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси айнан ўз вақтида ҳал этилмасдан қолган оилавий келишмовчиликлар боис содир этилган.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётгани оқибатида 2020 йилда 5 774 нафар хотин-қизлар томонидан 5 520та жиноят содир этилган. Оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 14 774 нафарига “ҳимоя ордери” берилган бўлса, шундан 317та ҳолатда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётгани, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмагани оқибатида 2020 йилда республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят (14 378та ёки 23,2 фоиз) ёшлар, шундан 4 052таси иш билан банд бўлмаган ёшлар томонидан содир этилган.

Бундан ташқари, 9 мингдан ортиқ ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилгани жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади, дейилади маълумотда.

Республика бўйича умумий йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йил шу даврига нисбатан камайган бўлса-да, йўлларда ҳаракатланиш учун хавфсиз шароит етарли даражада ташкил қилинмагани оқибатида 1 962 нафар шахс вафот этган.

Мавзуга оид