Реклама ва ташвиқот

Охирги пайтларда хорижий тилларни тез ва инновацион методлар орқали ўргатишни ваъда қилувчи лойиҳалар кўпайгандан кўпайди. Телевидение, ижтимоий тармоқлар, кўчадаги билбордлар фалон ойда инглиз, корейс, араб тилларини ўргатиш бўйича таклифларга тўлиб кетди.

Келинг, лойиҳаларнинг сайт ва веб-саҳифаларига разм солиб кўрамиз.

Аввал, сўнгги вақтларда рекламага зўр бераётган Booknomy лойиҳасига тўхталсак. Лойиҳанинг сайтида 2018 йилдан буён бу метод бўйича 50 мингдан зиёд фойдаланувчи тил ўргангани ҳақидаги факт келтирилади.

Бу рақам ниҳоятда каттадек туюлди бизга ва лойиҳа асосчиси, раҳбари ва қўлланма муаллифи Одилбек Икромов билан суҳбат қилишга қарор қилдик.

Муаллифларнинг таъкидлашича, китоб AJ Hoge ва XX асрнинг 50-60-йилларида фаолият кўрсатган атоқли Пол Пимслер методлари асосида яратилган. Хоуг ва Пимслерларнинг методлари инглиз тилини фақат эшитиб ўрганишга асосланган.

Суҳбат чоғида О.Икромовдан юқоридаги 50 минг рақами қаердан олингани ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, сотилган китоблар ададига таяниб шундай рақам ҳосил бўлган.

Шу ўринда муаллифнинг сўзлари бизда шубҳа уйғотди. Сабаби Booknomy лойиҳасига тегишли “Intensive English” дарслигининг 2020 йил 27 январда босмага рухсат берилган нашри бир минг ва 2020 йил 2 сентябрдагиси  ҳам бир минг нусхада чоп этилган. Бир йилда икки минг нусхада китоб чиқариб, 50 мингдан зиёд фойдаланувчи натижага эришганлиги ҳар қандай одамда ҳам айтилаётган рақамларга нисбатан шубҳа уйғотса ажаб эмас.

Энди “5 юлдузли даражага эга дунёнинг етакчи 3D инновацион методикаси” деб бонг урилаётган TEDBOOK лойиҳаси ҳақида сўз юритсак. Лойиҳа сайтида мазкур метод дунёда биринчи рақамли экани (!) айтилмоқда

Қайси методика бу? Одатда лойиҳалар бирор методика устида ишлаган ва/ёки унга сайқал берган гуруҳ ёхуд шахслар номи билан аталади. Tedbook таклиф қилаётган методиканинг номи нима? У қаерда биринчи рақамли деб тан олинган? Афсуски, бу фактни тасдиқловчи бирор ҳавола келтирилмаган.