13:10 / 17.03.2021
4729

Маъмурий судлар охирги 2 йилда ҳокимларнинг 3 мингга яқин қарорини ноқонуний деб топди

Ўзбекистон Олий судида маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда вилоятлар, туман ва шаҳар маъмурий судларининг ташкил этилиши давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳамда ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги ҳуқуқни амалга ошириш имконини берди. Бу ҳақда 16 март куни Олий судда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, 2019-2020 йиллар мобайнида маъмурий судлар томонидан 31 минг 321та ариза кўрилиб, шундан 21 минг 272таси ёки 67,9 фоизи қаноатлантирилган. Жумладан, ҳокимларнинг 2 минг 852та қарори ноқонуний деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Шунингдек, жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилиниб, далилларга баҳо бериш институти такомиллаштирилди. Натижада, ўтган 4 йилда 2 минг 770 нафар, фақат 2020 йилнинг ўзида 781 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, 3 минг 434 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5 минг 958 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилган ёки ўзгартирилган.

Kun.uz мухбири хабар беришича, айни вақтда суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда. Жумладан, 2017 йилга қадар олтита суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги уч йилда бу инстанциялар сони тўрттага келтирилди.

Top