07:48 / 17.03.2021
2828

«ВЭБ.РФ» Ўзбекистонда янги лойиҳаларни молиялаштиришга тайёрлиги маълум қилинди

Жорий йилнинг 16 март куни ҳукумат делегациясининг Россияга ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Россиянинг “ВЭБ.РФ” давлат тараққиёт корпорацияси раиси Игор Шувалов билан учрашув ўтказди. 

Учрашув чоғида томонлар илгари келишилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг жорий ҳолати ва уни жадаллаштириш бўйича навбатдаги қадамлар хусусида фикр юритди.

Шунингдек, Ўзбекистонда энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, тоғ-кон саноати ва фармацевтика соҳаларида янги истиқболли саноат кооперацияси лойиҳаларини ўрганиш орқали инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Корпорация раҳбари Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Саноат ва савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган “Лойиҳа офиси” фаолияти доирасида саноат кооперацияси бўйича шаклланган янги лойиҳаларни молиялаштириш масалаларида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон – Россия иқтисодий ҳамкорлигини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда Россия инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилиш учун улкан салоҳиятга эга бўлган энг истиқболли соҳаларда янги таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан биргаликда иш олиб боришни давом эттиришга келишиб олди.

Top