Ўзбекистон | 08:43 / 18.03.2021
4604
2 дақиқада ўқилади

 Қонликўлда йигит бошқага эрга тегиб кетган севган қизини пичоқлаб ўлдирди

 «Қонун ва ижро» нашри хабарига кўра, Қонликўл туманида яшаган икки ёш ўлгунча бир-бирларидан айрилмаслик ҳақида аҳд қилиб, агарда бирга бўлишмаса, ўз жонларига қасд қилишга ваъда берган.

Йигит Тошкентга ишлаш учун келганида, қизни уйидагилари бошқа йигитга турмушга бериб юборган. Йигит уйга қайтгач, 2019 йил 1 март куни қиз билан Нукус давлат педагогика институтининг олдида учрашиб қолган ва ўзаро келишувларини амалга ошириш учун эртаси куни Қонликўл туманида учрашишга келишган.

Шундан кейин эртаси куни эрталаб йигит, тахминан, соат 09:30 ларда қизни Қонликўл туманида кутиб олиб, биргаликда Қўнғирот туманидаги деҳқон бозоридан ёғоч дастали пичоқ сотиб олган.

Шу куни, тахминан, соат 15:00 ларда Қонликўл туманидаги «Бешкўпир» ОФЙда жойлашган «Ешимохун» қабристонига биргаликда борган. Қабристонда йигит қизнинг турмуш ўртоғига қўнғироқ қилган.

Сўнг, тахминан, соат 18:00 ларда ўзлари билан олиб келган пичоқ билан йигит қизнинг чап кўкрак қисмига икки марта куч билан уриб, қиз ҳушидан кетганидан кейин унинг бўйин ва қорин қисмларига яна икки марта урган. Йигит шундан кейин ўзини ҳам ўлдиришга уринган. Аммо пичоқ чуқур кирмаган.

Кўп ўтмай воқеа жойига қизнинг эри етиб келган. Ушбу вақтда ҳам қиз тирик бўлиб, уни шифохонага олиб боришаётганида, уни йигит пичоқламаганлигини, бир-бирларини яхши кўришганлигини билдириб, кўрсатма берган. Шундан сўнг вафот этган.

Қорақалпоғистон жиноят ишлари бўйича суди йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Мавзуга оид