Бугун Ўзбекистонда бир тенденция авжида. МИБ фуқародан пул ундириши керак бўлса қонунда белгиланган барча “ресурс”ларини ишга солади. Қарздорнинг уйидаги ёстиғи-ю, ўтирган гиламигача суғуриб кетади. Борди-ю, қарздор ҳокимлик бўлса-чи, унда қонунлар ўрнини баҳоналар эгаллайди. Бугунги ҳикоямиз тадбиркорнинг сал кам 600 млн сўм пули ана шу баҳоналар сабаб Жиззах вилояти Зафаробод туман ҳокимлигида осилиб ётгани ҳақида бўлади.

Ҳокимият бошқалардан қарз бўлиб қолганда, уни ундириш осон бўлмаслиги ҳақида эшитавериб, кўравериб, бунга одатланиб ҳам қолдик. МИБ аталмиш кучи фақат фуқаро ва тадбиркорларга етадиган ташкилот ҳам ундирув нуқтаси ҳокимликка қадалганда ишни «халта-хуржун» қилиб чўзиб юраверади.
Зафаробод тумани ҳокимлигининг 1 йилдан бери Ургутдаги корхонанинг пулини бермай келаётганига, МИБнинг Зафаробод туман бўлими эса 6 ойдан бери уни ундириб бера олмаётганига нима деб изоҳ бериш мумкин?!
Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним
Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Ургут туманида жойлашган, ўзининг гиламлари билан машҳур «URGAZ CARPET» МЧЖ корхонаси раҳбариятидан бўлди. Мурожаатда ёзилишича, мазкур корхона 2020 йил 14 мартда Жиззах вилояти Зафаробод туман ҳокимлиги билан шартнома тузиб, уларга 588 миллион сўмлик сунъий чим қопламаларини етказиб берган. Ҳокимлик олган маҳсулотининг пулини 10 кунда тўлаш ҳақида кафолат бериб, маҳсулотни олиб кетган. Аммо орадан 1 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам корхона тумани ҳокимлигидан бир сўм ҳам пул олмаган.
Корхона раҳбари Хуршид Лутфиллаевнинг маълум қилишича, ўшанда Зафаробод туман ҳокимлиги Наврўз байрамигача стадионни тайёр ҳолга келтириш керак деб қилган илтимоси учун, бошқа буюртмалари етарли бўлганига қарамасдан корхона улар билан шартнома тузган ва сифатли маҳсулот тайёрлаб берган. Ҳокимлик олган маҳсулотининг пулини 10 кунда тўлаб бериш ҳақида кафолат хати берган. Аммо, мана 1 йилдирки тўлов амалга оширилмаган. Корхона вакиллари 2020 йил сентябргача ўтган 6 ой давомида Зафарободга 4-5 марта бориб ҳам пулларни ундира олишмаган ва охири Зафаробод туман ҳокимлиги устидан иқтисодий судга даъво аризаси киритишга мажбур бўлган.
Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2020 йил 21 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан «URGAZ CARPET» МЧЖнинг даъвоси тўлиқ қаноатлантирилган. Зафаробод туман ҳокимлигидан корхона фойдасига 588 миллион сўм асосий қарз ва 11 млн 760 минг сўм давлат божи ундириш белгиланган.









