Ўзбекистон | 18:00 / 19.03.2021
12984
4 дақиқада ўқилади

Энергетика вазири ўринбосари Қирғизистон билан энергия алмашинуви йўлга қўйилиши ҳақида маълумот берди

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев қўшни давлатлар билан йўлга қўйилаётган энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва кейинги куз-қиш мавсумида амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрган Қирғизистон делегациясидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорлар билан бир ой давомида музокаралар олиб борилган.

«Минг афсуски, орада муносабатлар бузилгани сабаб ҳамкорлик тўхтаб қолганди. Мана энди шунга келишиб олдик, бир-биримизга елкадош бўламиз. Маълум миқдордаги электр энергиясини бизда ортиқча бўлган пайтда уларга бериб турамиз, эвазига ёздаги уч ойда улар бизга шу электрни қайтариб беришади. Бу дегани, ўша пайтда гидроэлектрстанциясида сув чиқади дегани. Бу Сирдарё, Жиззах, Фарғона вилоятлари қишлоқ хўжалиги учун жуда катта фойда келтиради.

Қиш ойларида соат 17дан то 21гача электр энергияси сарфи бирданига ортиб кетади, чунки одамларда эҳтиёж ошади шу вақтда. Шу пайтдаги энергия сарфини таъминлаш, чироқ ўчмаслиги учун биз қайсидир станциямиздаги қўшимча энергоблокни ишга туширишимиз керак бўлади. Бу жуда катта сарф-харажат талаб қиладиган, самарасиз меҳнат. Ўша пайтда биз қўшни давлатдан тунда электр олиб туриш ва кундузи ўзимизда ортиқча пайтда қайтаришга келишиб олдик. 10 млн кв/соатгача энергия алмашишга техник имкониятларимиз бор», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шерзод Хўжаев келгуси йилда куз-қиш мавсумида аҳолининг электр энергияси билан таъминланиши ҳақида ҳам гапириб ўтди. Бу мавсумда қарийб 1,5 минг мегаватт янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга тушади. Бундан ташқари, республика бўйича 4000та трансформатор янгиланиши кўзда тутилган.

«Сенатда, депутатлар орасида танқидга учраш, тўғри, одамга алам қилади, лекин жудаям оғир эмас. Энг оғири - халқнинг кўзига қараш. Тошкент вилоятида тураман, мен ҳам уйимга борганимда қоп-қоронғи маҳаллага кириб бораман. Кечирасиз-у, қўни-қўшниларим чиқиб, ота-онамга эътироз билдирган вақтлар ҳам бўлади. Чунки билишади раҳбар лавозимида ишлашимни. Нега ўзимизнинг маҳаллага чироқни ҳал қилиб қўймайди, деб сўрашади.

Лекин бир ҳудудда доим ёниб, бир ҳудудда доим чироқ бўлмаслиги – буям адолатдан эмас. Кўп вақтим одамлар билан мулоқотда ўтади, уларнинг кўзига қараш жуда оғир.

Ҳар куни ётишдан олдин диспетчер билан гаплашганимда неча минг хонадон электр токисиз ўтирганини биламан. Эрталаб соат 6да биринчи ишим шуларда чироқ ёқилдими, йўқми – сўраш бўлади, ҳар куни ҳисоботини эшитаман. Ёзда диспетчернинг ҳисоботи 1 дақиқа, қишда 15 дақиқа бўлади», дейди у.

Энергетика вазири ўринбосари Ўзбекистондаги ҳамма подстанциялар 2 баравар қувват билан ишлайдиган қилиб қурилганини айтиб ўтди.

«Бир нарсани очиқ айтай, энг катта муаммомиз нимадалигини. 1991 йилдан бошлаб то 2016 йилгача собиқ СССР давридан қолган бутун захирани едик. Ҳамма подстанцияларимиз 2 баравар қувват билан ишлайдиган қилиб режалаштириб қурилган эди вақтида. Ҳаммасида захира қувватлар бор эди – еб тугатдик. Энди захира тугагач яна реконструкция қилиб маблағ сарфлашимиз керак бўлган пайтда иқтисодиётимиз бирданига ўсишни бошлади.

«Ҳудудийэлектртармоқлари» бюджетидаги маблағларнинг бир қисми реконструкцияга сарфланса, бир қисми янги қурилишларга сарфланади. Лекин янги қурилишларга талаб ҳаддан зиёд кўп: завод, фабрика, тадбиркорлик субъектлари, янги қурилган уйлар – қанча кўп қаватли уйлар қурилаётганини биласиз. Шу сабаб маблағимиз етмай қоляпти. Агар олдингидан қолган муаммолар бўлмаганда эди, шу йилнинг ўзида таъминлаш вазифасини бемалол бажара олардик. 30 йиллик муаммони суриб қўя олмаймиз», дейди у.

Мавзуга оид