Ўзбекистон | 12:43 / 19.03.2021
7679
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони қанча? Пенсия жамғармаси янги статистика эълон қилди

2021 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 3,8 миллион кишини ташкил этмоқда.

Фото: KUN.UZ

Пенсия жамғармаси 2021 йилнинг 1 март ҳолати бўйича республикадаги жами пенсия ва нафақа олувчилар сонини маълум қилди.

Қайд этилишича, март бошида жами пенсия олувчилар 3,4 миллион кишини, нафақа олувчилар эса 410,5 минг кишини ташкил этди.

Пенсия олувчилар бўйича рақамлар

2021 йилнинг 1 январ ҳолатига нисбатан пенсия олувчиларнинг умумий сони 2021 йил март ҳолатига 39,6 минг нафар (0,4 фоиз)га ортди.

Шундан. ёшга доир пенсия олувчилар сони 21,8 минг, ногиронлик пенсиялари 4,3 минг, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оилалар сони 3,5 мингтага ортди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ёшга доир пенсия олувчилар 2,8 миллион киши, ногиронлик пенсияси олувчилар 390,8 минг киши, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи оилалар 192,5 мингтани ташкил этмоқда. 

Нафақа олувчилар бўйича рақамлар

2021 йилнинг 1 январ ҳолатига нисбатан жами нафақа олувчилар сони 2021 йил 1 март ҳолатига 9,9 минг нафар (0,3 фоиз)га ортди. Шундан ёшга доир нафақа олувчилар сони 2,3 минг кишига, ногиронлик нафақаси олувчилар сони 6,5 минг кишига ва боқувчисини йўқотганлик нафақасини олувчи оилалар сони 1 минг 32 тага ортган. Жорий йилнинг январ–феврал ойларида 11,5 мингта янги нафақалар тайинланган.

Маълум қилинишича, март бошида Ўзбекистонда ногиронлик нафақаси олувчилар сони 328,9 минг киши, ёшга доир нафақа олувчилар 45,1 минг нафар, боқувчисини йўқотган нафақа олувчилар (оилалар) 36,4 мингтани ташкил этмоқда.

Эркаклар ва аёллар улуши

Пенсия жамғармаси статистикасида республикадаги пенсия ва нафақа олувчи жами эркак ва аёллар улуши ҳам келтирилган. Ҳисоб-китобларга кўра, март ойи бошида жами пенсия ва нафақа олувчи эркаклар 1,6 миллионни (43,2 фоиз) ташкил этмоқда. Маълум қилинишича, Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчи аёллар жами 2,1 миллионга (56,8 фоиз) етди.

Аввалроқ, 2021 йил 1 январ ҳолати бўйича мамлакатда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3,8 миллион экани хабар қилинганди.

Маълумот учун, Пенсия жамғармасининг 2020 йил учун даромадлар режаси 20,1 триллион сўм бўлиб, ижроси 20,5 триллион сўмни (шундан солиқлардан ташқари тушумлар миқдори 176,2 миллиард сўмни) ташкил этган.

2021 йилда эса жами пенсия ва нафақалар учун 36,5 триллион сўм маблағ харажат қилиш режалаштирилгани, бунинг 23,5 триллион сўми даромадлар, 14,7 триллион сўми давлат бюджетидан трансферт олиш ҳисобига қопланиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 февралдан иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 7 фоизга оширилган эди. 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб эса пенсия ва нафақалар миқдори 10 фоизга оширилган.

Мавзуга оид