Kun.uz мухбири хабарига кўра, давлат раҳбари Тошкент вилоятининг салоҳияти пойтахтникидан 1,5 баробар юқори эканини айтган.
“Бир нарсани билинглар – ҳеч бир вилоятда Тошкент вилоятичалик иқтисодий имкониятлар йўқ. Тошкент вилояти салоҳияти Тошкент шаҳридан 1,5 баробар юқори. Буни кеча бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимларга битталаб тушунтириб, ҳисоблаб бердим. Биз бу салоҳиятдан фойдалана олмаяпмиз, десак ҳақиқат бўлади. Мен ҳам ҳоким бўлганман, бугунгидек имкониятлар у пайт йўқ эди”, деди президент.
Аввалроқ, Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими этиб тасдиқлангани хабар қилинганди.
“Афсуски, Тошкент вилоятида ҳокимлар мактабини ярата олмадик. Даврон Ҳидоятовни мен ҳар хил ишда синаб кўрдим. Вазир бўлди, Чилонзор туманига ҳоким, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари бўлди. У менинг номзодим, агар сизларда бошқа номзод бўлса бемалол айтинглар, очиқча муҳокама қилишга тайёрман”, деди Шавкат Мирзиёев.















