Жаҳон | 14:00 / 24.03.2021
1912
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконг ва Макао қадоқлардаги дефект туфайли BioNTech вакцинасини ишлатмайди

Ҳонгконг ва Макао расмийлари чоршанба куни илк партиядаги қадоқлар бузилгани боис BioNTech’нинг коронавирусга қарши вакцинасидан фойдаланмайдиган бўлди. Ҳар икки ҳудуд расмийлари BioNTech ва унинг Хитойдаги ҳамкори Fosun Pharma’дан 210102 рақамли партиянинг айрим флаконларидаги муҳрларда муаммо борлиги ҳақида мактуб олган.

Ҳукумат манбалари хабар беришича, Ҳонгконгда 150200 нафар одам BioNTech вакцинасининг биринчи дозасини олган.

Fosun ҳам, BioNTech ҳам «товарнинг хавфсизлиги рискда эканига ишонмаса-да» Ҳонгконг ҳукумати 210102 рақамли партиядаги вакциналардан воз кечди ва навбатдаги партияни текширииб олишини маълум қилган.

«Бу вакцинация дастурининг хавфсизлигини таъминлаш учун эҳтиёт чоралари», дейилади баёнотда.

BioNTech препаратидан воз кечишдан аввал, Ҳонгконг ҳукумати аҳолига икки вакцина – BioNTech ва Хитойнинг Sinovac вакцинасидан бирини танлашни таклиф қилган. Энди BioNTech билан эмланишни истайдиганлар ёки навбатдаги партия келишини кутишлари ё Sinovac’ни олишлари мумкин. Ҳонгконгга AstraZeneca вакциналари сал кейинроқ келиши кутиляпти.

Вакцинациянинг секин кечиши вакцинага бўлган шубҳа туфайли

BioNTech билан муаммо ўзи шундоқ ҳам кутилганидан секинроқ кетаётган эмланиш дастурини боши берк кўчага олиб кириб қўяди.

Ҳонгконг раҳбари Кэри Лэм сешанба куни аҳолининг 6 фоизигина эмлашнинг биринчи дозасини олганини айтиб, вазиятни «ёмон эмас» деб баҳолаган.

«Ҳонгконгнинг вакцинация билан омади чопяпти. Дунёнинг бошқа қисми вакцина излаб зир югураётган бўлса, бизда Ҳонгконгнинг барча аҳолиси учун етарли вакцина таъминоти бор», дейди Лэм.

Ҳукумат ўтган ҳафта 30 ёшдан катталарни қамраб олувчи янги дастур қабул қилди. Бу эса, жами аҳолининг 80 фоизини ташкил қилади. Вакцинациянинг қайта бошланиши касалланишлар сони кўпайиб, юзлаб одамлар карантин лагерларига жўнатилишидан кейин содир бўлди.

Расмийлар эмлаш тадбирини 18 феврал куни Sinovac вакцинаси билан бошлашганди. BioNTech вакцинаси март бошларида қилина бошлади. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид