«Ҳаммангиз «Халқ қабулхоналари»га келган эътирозларни эшитяпсизлар. Жуда кўпчилик уйсизликдан нолийди. 27 йил бу масала ўз ҳолига ташлаб қўйилди, қурилиш индустрияси йўқолиб кетди. 4 йилдирки бу масала устида ишлаяпмиз. Мақсад битта – одамларни рози қилиш. Бошпанаси бўлмаган одам рози бўлиши қийин. Энди ёлғон гапларни халқ қабул қилмайди.
Жуда оғир инқироз йилидан чиққанимизга қарамай бугунги масалалар учун 31,5 трлн сўм ёки 3 млрд 50 млн доллар пул ажратяпмиз. Лекин мақсад бу пулни шунчаки тарқатиб юбориш эмас, мақсадли сарфлаш зарур. Энг муҳими – бу маблағни ташқи қарзимизни оширмаган ҳолда ажратяпмиз», дея президентнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.
Давлат раҳбари ажратилаётган маблағлар эвазига маҳаллаларда ижтимоий соҳа объектлари ҳам барпо этилиши лозимлигини таъкидлаган.
«Бир вақтлар республика бўйича 1 млрд инвестиция киритилди, деб мақтанардик. Ҳозир биргина вилоятда 1 млрд доллардан ортиқ инвестиция киритиляпти.
Бир нарсани барча ҳудуд ва сектор раҳбарлари аниқ тушуниб олиши зарур. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» деганда, нафақат уларнинг йўллари ёки маҳалланинг қиёфаси яхшиланиши, балки у ердаги аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий соҳа объектлари тўлиқ ишлаши, бир сўз билан айтганда, танланган маҳалла ҳар томонлама обод бўлиши керак.
Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада «темир дафтар», «аёллар» ва «ёшлар» дафтарлари бўлмаслиги лозим», деган президент.









