Ўзбекистон | 14:27 / 24.03.2021
5114
3 дақиқада ўқилади

Сенат раиси айрим жиноятлар статистикаси сунъий равишда камайтирилаётганини маълум қилди

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашиш миллий комиссияси йиғилишида Сенат раиси Танзила Норбоева мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида маълумот берди.

Фото: KUN.UZ

Танзила Норбоева одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш, жиноий таъқиб қилиш, жавобгарликка тортиш, жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш механизми яхши ишламаётгани, одам савдосига оид жиноятлар статистикасини сунъий равишда камайтиришга уриниш бўлаётганини қоралади.

«Одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш, жиноий таъқиб қилиш, жавобгарликка тортишни таъминлаш ва ушбу тоифадаги жиноятлардан жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш борасидаги ишлар механизми самарали йўлга қўйилмаган. Мисол учун, 2020 йилда одам савдоси жинояти билан боғлиқ келиб тушган 1 029та мурожаатдан бор-йўғи 93таси, яъни 9 фоизи бўйича жиноий иш очилиб, 129 нафар айбдорга нисбатан қонуний чора кўрилган.

Бу кўрсаткичлар 2019 йилга қараганда янада камайган. Буларни саралаб эмас, ҳаммасини жиноий жавобгарликка тортиш керак. Нима учун буларни хаспўшлаяпмиз.

Мазкур жиноятлардан жабрланган шахсларнинг 92 нафарига Республика реабилитация маркази томонидан амалий ёрдам кўрсатилган бўлиб, бу кўрсаткич ҳам 2019 йилга нисбатан 2,4 бараварга камайган.

Халқаро ташкилотлар ва АҚШ Давлат департаменти маълумотларида ҳам республикада одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш, ушбу жиноятга алоқадор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш борасидаги кўрсаткичлар 6 йилдан буён камайиб бораётгани танқид қилинмоқда», деди Сенат раиси.

Шунингдек, у бу каби жиноятларнинг камайиши иш яхши йўлга қўйилганини англатмаслигини, жиноятларни очиш бугуннинг асосий принципи эканини таъкидлаган.

«Биз ўзимизча ўйлаяпмизки, камайтириб айтсак ишимизга беш баҳо берилади, бизни мақташади деб. Лекин фактлар бор, шунга асосан жиноий жавобгарлик белгилаш мумкин-ку. Нима учун қўлламаяпмиз, кимдан гап эшитишдан қўрқяпмиз. Ҳозир жиноятлар кўпайса гап эшитиладиган замон эмас, балки жиноятларни очиш асосий принцип ҳисобланади.

Халқаро ташкилотлар ҳисоботларини тайёрлашда статистик рақамларни нафақат биздан, балки турли нодавлат нотижорат ташкилотлардан ҳам олади. Уларнинг маълумотлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар рақамлари таққосланганда фарқ кўриниб қолади», деди Сенат раиси.

Мавзуга оид