2020 йилнинг ноябрь-декабрь ҳамда жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Россияда қурилиш соҳасида ишлашни истаганлар учун танлов эълон қилинди. Унда «ПИК Индустрия» АЖ, «Техстрой» ва «Ант Япи», «СтройКрафт» қурилиш корхоналари иш бериши маълум қилинганди.
Шундан сўнг, босқичма-босқич танловлар ўтказилиб, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари навбат билан Россияга йўл ола бошлади. Хуллас, агентликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўзбек меҳнат мигрантларининг Россияга ишга кетаётганлиги ҳақидаги хабарлар пешма-пеш ёритилди.
Бироқ, бироз вақт ўтгач, Россияга кириб борган меҳнат мигрантларидан Kun.uz’га шикоятлар кела бошлади. Бу борада хориж ОАВлари ҳам мигрантлар дуч келаётган масалаларга доир хабарлар тарқатди. Хусусан, BBC ўзбек хизмати бу ҳақда икки бор хабар берган бўлса, Youtube тармоғидаги Александр Ким каналида мигрантлар ҳуқуқи бўйича юрист Валентина Чупикнинг ўзбекистонликлар билан учрашуви 2 қисмда эълон қилинди.

Дастлаб, «ПИК Индустрия» АЖ, «Техстрой» каби қурилиш корхоналарининг меҳнат мигрантларига таклифлари қандай бўлганига тўхталсак.
Таҳририятга келиб тушган ҳужжатларда таъкидланишича, «ПИК Индустрия» АЖ ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига 8 соатдан ҳафтасига 5 кунлик иш куни тартибига 60-100 минг рубль миқдорида иш ҳақи ваъда қилган бўлса, «Техстрой» мутахассисликларга қараб, 60-110 минг рублгача иш ҳақи берилишини билдирган.
Биз билан боғланган меҳнат мигрантларининг барчаси бу гаплар фақат оғзаки айтилганини, танишиш учун берилган айрим қоғозлар имзо қўйдириб олингач, Ўзбекистоннинг ўзидаёқ қайтариб олинганини айтишди.
Биз «ПИК Индустрия» вакили билан Telegram саҳифаси орқали боғланишга ҳаракат қилиб кўрдик, бироқ ушбу корхонада ишлашини таъкидлаган ходим саволларимизни жавобсиз қолдирди.
Хўш, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали Россияга юборилган ватандошлар нимадан норози ўзи?






















