Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиев Қирғизистон - Ўзбекистон чегарасидаги барча баҳсли ҳудудлардаги муаммолар ҳал қилингани ҳақида маълум қилди.
Қирғизистон ҳукумат делегациясининг раҳбари Қамчибек Тошиев 24-25 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумат делегацияларининг учрашувлари натижаларини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, томонлар қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ижобий натижага эришган.
«Қирғизистон - Ўзбекистон чегарасидаги барча баҳсли ҳудудлар 100 фоиз ҳал қилинди. Энди бу борада муаммолар бўлмайди», - деди Қамчибек Тошиев.
Қирғизистон ва Ўзбекистон 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Сўх туманига қатнаш учун одамлар ташишга мўлжалланган 20 ўринга қадар бўлган, транспорт воситалари ва микроавтобуслар ҳаракатланиши учун «Қайтмас» ва «Отукчу» назорат-ўтказиш пунктларини очишга келишиб олган.
Томонлар, шунингдек, «Қора-Сув», «Бегабад», «Интимоқ», «Кенсой», «Сейдикум» назорат-ўтказиш пунктларини тартибга солиш ва тиклаш бўйича келишувга эришган. Қамчибек Тошиевнинг сўзларига кўра, таъмирлаш ишлари Ўзбекистон томонидан амалга оширилади.
Тошиевга кўра, томонлар Кампиробод (қирғиз-ўзбек чегарасида жойлашган) сув омборидан умумий фойдаланиш юзасидан ҳам келишувга эришган. Хусусан:
- Кампиробод сув омборининг сув захираларини 900 горизонталдан юқори бўлмаган даражада тўлдиришни назарда тутадиган, биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим тузиш;
- Ўзбекистон томонидан Қирғизистон фуқароларининг сувдан бепул ва тўсиқсиз фойдаланишини таъминлаш;
- Ўзбекистон сув омбори ҳавзаси атрофида муҳандислик иншоотларини ўрнатмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Шунингдек, демаркация пайтида Ўзбекистон Қирғизистонга товон сифатида Ўш вилоятининг Ўзган тумани ва Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани билан чегарадош бўлган Андижон вилояти чегарасидаги 304 ва 312-сонли чегара пунктлари орасидаги 1000 гектар ер майдонини беради.
Томонларнинг сув хўжалиги вазирликларига Кампиробод сув омборининг ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.






