Блокпост
Чегара ҳудуди маҳаллаларига олиб борувчи йўлда «Қизилёзи» блокпости ўрнатилган. Бу мақола тайёрланишига ҳам шу блокпост асосий сабаб бўлди.
2018 йилгача паспорт режими амал қилиб, Нанай ҳудудида жойлашган маҳаллаларга ўтиб-қайтувчи фуқароларнинг паспортлари постда битталаб текширилган.
2018 йили президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи натижасида блокпост тугатилган эди.

2020 йил коронавирус пандемияси даврида блокпост карантин пости сифатида ўз фаолиятини тиклади ва карантин чоралари юмшатилиб, қолган блокпостлар олиб ташлангандан кейин ҳам бу маскан ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Kun.uz ушбу пост нима сабабдан ҳозиргача тугатилмагани билан қизиқди.
Постда фаолият олиб бораётган ҳарбийлар бу масалада маълумот бера олмасликлари, бу бўйича Янгиқўрғон ҳарбий қисмидан тўлиқ маълумот олиш мумкинлигини айтишди.
Постдан ўтаётган ҳайдовчилар ушбу блокпост бўйича фикрларини айтишди. Улардан бири постнинг ҳайдовчиларга зарари тегмаслигини, бошқа бири бу пост кераклигини, яна бири эса пост айрим ноқулайликлар келтириб чиқаришини айтиб ўтди.
Постдан ўтиб қайтувчилар бир давлат фуқароси бўлса, нима сабабдан назорат кучайтирилиши керак?
Ўзини чегара қўшинлари вакили сифатида таништирган ҳарбийнинг сўзларига кўра, чегаралар тўлиқ белгиланмагани сабабли шу ерга блокпост қўйилган.
Унинг сўзларига кўра, ҳар куни кўплаб контрабанда маҳсулотлари шу ерда тўхтатиб қолинади. Чегарачининг айтишича, ҳудуднинг катта қисмида чегара тўсиқлари йўқлиги ва сим билан ўралмагани сабабли контрабанда ҳолатлари ҳар куни кузатилади.
Чегара

Чиндан ҳам Янгиқўрғоннинг катта қисми чегара сим билан ўралмаган ва ҳатто битта кўчанинг бир томонида Ўзбекистон фуқаролари, бир томонида Қирғизистон фуқаролари истиқомат қиладиган ҳудуд ҳам мавжуд. Ҳатто аҳоли истиқомат қилмайдиган чегара ҳудудларида ҳам чегара тўсиқлари ўрнатилмаган. Бу эса ўз-ўзидан контрабандага кенг йўл очади.















