29 март куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳаларида коррупцияга қарши курашиш муҳокама қилинди.

Сенат ахборот хизмати Kun.uz'га тақдим этган маълумотга кўра, Жиззах, Андижон, Навоий ва Хоразм вилоятларидаги 59 та қурилиш объекти бўйича давлат харидларини амалга оширишда молиявий хато ва камчиликлар, шунингдек, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш натижалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотларга 13 та тақдимнома киритиб, 25 та сўровнома ва 3 та огоҳлантириш хати юборган. Бу сўровномалар бўйича прокуратура органлари томонидан 14 та жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Йиғилишда кенгаш раиси Танзила Норбоева давлат харидлари соҳасидаги муаммоларга тўхталди.

«Масалан, давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатларининг олдини олиш, хусусан буюртмачи, харид комиссиялари аъзолари ва иштирокчилар ўртасида қариндошлик ёки бошқа алоқалар мавжудлигини аниқлаш бўйича механизмлар мавжуд эмас.

Шунингдек, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талаблари бузилгани, манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилган бўлса-да, харид иштирокчиларига жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Шу билан бирга, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар муассислигида ташкил қилинаётган субъектларнинг аксарияти давлат харидлари порталида рўйхатдан ўтмай хўжалик фаолиятини амалга оширмоқда, корпоратив буюртмачиларнинг мунтазам янгиланиб бориладиган реестри юритилмаяпти», – деди Сенат раиси.

Бу борада Аксилкоррупция агентлиги (А.Бурҳонов), Молия вазирлиги (Т.Ишметов) ва Давлат хизматлари агентлиги (У.Муҳаммадиев)га 2 ой муддатда давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатларини ахборот технологияларини жорий қилиш орқали масофавий аниқлаш ва олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилди.

Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), Аксилкоррупция агентлиги (А. Бурҳонов) ва Молия вазирлиги (Т.Ишметов)га 3 ой муддатда давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилганлиги аниқланган тақдирда, етказилган зарар миқдоридан келиб чиқиб