Бу мураккаб касаллик нисбатан кам учрайди. Лекин бундай ташхис қўйилган бир бемор ҳам оиласига етарлича ташвиш туғдиради, ўзи ҳам бемисл азоб чекади. Ихтиоз қандай касаллик? Даволаниши мураккаб экан, қайси усуллар билан беморнинг оғирини енгил қилиш мумкин? Ўзбекистонда бундай дардга чалинганлар, айниқса болалар учун қандайдир дастурлар борми? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун шифокор-дерматолог Жанна Медетова билан суҳбатлашдик.

– Суҳбатимиз бошида ихтиоз ўзи қандай касаллик эканлиги ҳақида сўз юритсак.

– Ҳаммамиз биламизки, кўп ҳолларда даволанадиган орттирилган касалликлардан ташқари туғма, генетик жиҳатга боғлиқ касалликлар ҳам бор. Улардан бири — ихтиоз. Бу тери касаллиги, кучли қуруқлашиш, терининг доимий пўст ташлаши шаклида ва умуман, тери заифлиги ошиши билан намоён бўлади. Айнан ушбу касаллик ва у билан қандай яшаш мумкинлиги, энг муҳими, Ўзбекистонда ихтиозга эга инсонлар учун нима қилинаётгани ҳақида афсуски кўпчилик бехабар. Ихтиоз –туғилганда дарҳол ёки ҳаётнинг биринчи ойларида ўзини намоён қиладиган генетик касаллик бўлиб, умр бўйи давом этади. Касаллик генларнинг “парчаланиши” натижасида юзага келади, бунинг натижасида тери ҳужайраларида дағалланиш жараёни бузилади. Тери қуруқ бўлади, унда балиқ тангачаларига ўхшаган тангачалар пайдо бўла бошлайди, шунингдек, баъзи органлар ва тизимлар зарарланиши мумкин: кўриш, эшитиш, таянч-ҳаракат тизими, жисмоний ва руҳий ривожланиш секинлашиши ва ҳоказолар.

Келиб чиқиш сабаблари турлича. Ҳар иккала ота-она ёки уларнинг бири ихтиозга чалинган бўлса, барча бўлажак фарзандлар хавф остида. Шунингдек, яқин қариндошлик никоҳида туғилган болаларда ҳам учраш эҳтимоли кўп. Ихтиознинг тахминан 40 тури мавжуд, аммо барчасининг асосий хусусиятлари бир – терида тангачалар шаклланиши, терининг қуриши ва қалинлашиши. Шунинг учун бундай инсонларни “балиқча” деб аташади.

– Бугунги кунда ихтиоз касаллиги қандай даволанади?

 – Афсуски, ихтиознинг давоси йўқ, тиббиёт ҳозирча бу касалликни тўла-тўкис бартараф этишга ожиз. Аммо симптоматик даволаш, терини парвариш қилиш, гигиена, турли хил терапия ва зарур витаминларни олиш орқали ихтиозли беморларнинг тери ҳолатини сезиларли даражада яхшилаш мумкин ва шу орқали уларнинг кайфиятини ҳам кўтарса бўлади. Бундан ташқари, чўмилишдан сўнг намловчи мойлар ва кремлардан фойдаланиш лозим. “Балиқчалар”нинг аҳволини табиий омиллар ҳам яхшилаши мумкин. Масалан, ёзда улар терисининг ҳолати одатда сезиларли даражада яхшиланади.