08:12 / 02.04.2021
3248

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил: «Меҳрибонлик уйлари битирувчиларига берилаётган турар жойларнинг ҳаммаси ҳам талаб даражасида эмас»

Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан етим болалар ва ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш масаласини комплекс ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда давлат раҳбарининг парламентга йўллаган мурожаатномасида жорий йилда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, шу жумладан, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилиши, бунда жорий йилда биринчи марта 900 нафар чин етим ёшни уй-жой билан таъминлаш учун 50 млрд сўм маблағ ажратилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда сўз олган Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова 2020 йилда унинг бошчилигида олиб борилган мониторинг ташрифлари ҳамда бола ҳуқуқлари бўйича юборилган мурожаатлар таҳлили “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларининг турар жой билан таъминланиши борасида камчиликлар борлигини кўрсатганини билдирди.

Олинган маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 1 январ ҳолатига “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларининг 610 нафари турар жой билан таъминланган, 578 нафари эса бугунги кунда ҳам турар жойга муҳтож бўлиб турибди.

Бундан ташқари, 2020 йил давомида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари битирувчилари томонидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига турар жой берилмагани ёки берилган турар жой уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги борасида 20га яқин мурожаат келиб тушган.

Қонун ҳужжатларида белгиланган нормаларга асосан берилаётган турар жой бўш, алоҳида, қулай ва шинам бўлиши, белгиланган санитария ва техник меъёрларга, қонун ҳужжатлари бошқа талабларига жавоб бериши лозимлиги белгиланган, бироқ кўп ҳолатларда ушбу норма талаблари бузилиши кузатилмоқда.

Қайд этилишича, ҳар бир келиб тушган мурожаат юзасидан муаллиф истиқомат қилувчи туман (шаҳар) ҳокими билан ўтказилган суҳбатда турар жой билан таъминлаш учун маблағлар йўқлиги (етишмаслиги) важ қилиб келтирмоқда. Молия вазирининг 2010 йил 11 октябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жой сотиб олиш учун мақсадли трансфертлар, шу жумладан, бюджет маблағларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 86-сон буйруғида ушбу масала ўз ечимини топган.

Шу билан бир қаторда, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларини турар жой билан таъминламаслик, ўз навбатида, бу тоифа шахслар доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши, иш жой билан таъминланиши ва тиббий ёрдам олишида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Йиғилишда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мазкур масала бўйича прокуратура органлари ходимлари назоратни кучайтириши ва турар жойга муҳтож “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларини белгиланган талабларга мос уй-жой билан таъминлашга эришиш кераклигини қайд этди.

Бундан ташқари, йиғилишда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида ушбу соҳани комплекс ўрганишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, жорий йил 5 майга қадар етим болалар ва ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасида умумлаштирилган таклифлар ишлаб чиқиш келишиб олинди.

Top