Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати польшалик журналист Агнешка Пикулицкани твиттердаги саҳифасида «аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келиш»да айблаб, баёнот берди.

«Хорижий журналистнинг миллий қонунчиликка риоя этмаслиги мумкинми?» сарлавҳаси билан эълон қилинган баёнотда халқаро журналист Тошкентда номаълум шахслар томонидан дўппосланган блогер Миразиз Базаров атрофида содир бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашгани қайд этилган.

«Биз эътиборни 2021 йилнинг февраль ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтиб Ўзбекистонда фаолият юритаётган «Аль Жазира» мухбири Агнешка Пикулицкага қаратмоқчимиз. Журналист, жорий йилнинг 29 мартдан бошлаб Миразиз Базаров атрофида бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашиб, ўзининг Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келмоқда», дейилади баёнотда.

ИИВ журналистнинг бир нечта твитлари таржимасини келтиради.

«Менинг йигитимни махсус хизматлар сўроқ қилишяпти, (у журналист эмас, фаол эмас, фақат кеча мен билан больницада бўлган). Бу нотўғри йўл. Ҳурматли махсус хизматлар, сизлар одамларга ўлдириш билан таҳдид қилаётган, радикаллар билан ишни ҳал этинг», дейилган 29 март куни ёзилган твитлардан бирида.

«Махсус хизматлар гейларни фаол қидиришмоқда. Одамларнинг расмларини кўрсатиб, уларни гейликда гумонлашяпти.

Одамларга ЛБГТ жамоаси ҳақида маълумот тарқатиш ҳақида босим ўтказишяпти. Эртага бошқалар ҳам сўроқ қилинади. Бу янги Ўзбекистон».